- Тошкентдан гапирамиз
- 06.08.2026, 10:15
«ORIGINAL LYUKS SERVIS» МЧЖ объекти қурилиши билан боғлиқ вазият юзасидан расмий муносабат
Тошкент шаҳар ҳокимлигига «ORIGINAL LYUKS SERVIS» МЧЖ билан Сергели тумани, Қўшқўрғон маҳалласи, Бишкент кўчаси, 46а-уй манзилида қурилаётган мажмуадан квартира сотиб олиш бўйича шартнома тузган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг топшириғига биноан ушбу масала юзасидан мавжуд ҳужжатлар ва объект қурилиши ҳолатлари ўрганилиб, хизмат текшируви ўтказилди.
Текширув давомида 13 051 квадрат метр ер участкаси қурувчига 2021-йилда ижара асосида ажратилгани аниқланди. Қурилиш учун рухсатнома 2022-йил октябрь ойида олинган. Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг хулосаси 2023-йил 22-сентябрда 97277837-сон билан берилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатлари 2024-йил 29-июлда ҳудудий қурилиш назорати органларида 138348266-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги фуқаролар ва қурувчи ўртасида тузилган шартномаларда тараф ҳисобланмайди. Қурилиш ва квартираларини топшириш муддатларига риоя қилиш, пул маблағларини қайтариш, эҳтимолий зарарларни қоплаш ва бошқа мажбуриятларни бажариш масалалари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда, жумладан суд орқали ҳал этилади.
Шу билан бирга, шаҳар маъмурияти уй-жой сотиб олиш учун сармоя киритган фуқароларнинг хавотирини тушунади. Ушбу масалада қарор қабул қилишда аҳолининг барча мурожаатлари, асосли талаб ва истаклари устувор аҳамиятга эга.
Фуқароларнинг кўп сонли мурожаатлари ва вазиятнинг ижтимоий аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили уй-жой харидорлари, қурилиш ташкилоти раҳбарияти, прокуратура, давлат қурилиш назорати органлари ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида учрашув ўтказди.
Маълумот ўрнида: ўрганиш натижаларига кўра, объектда қурилиш ишлари тахминан 53 фоизга бажарилгани аниқланди.
Учрашув давомида фуқаролар қурилишни якунлаш ва квартираларини топшириш муддатлари, келгуси молиялаштириш манбалари, компаниянинг кредит ва гаров мажбуриятлари, шунингдек, мавжуд чекловлар билан боғлиқ масалаларни кўтардилар.
Учрашув якунида қурувчи яқин вақт ичида фуқаролар кўтарган масалаларни ҳал этиш ҳамда зиммасига олган мажбуриятларни бажариш бўйича аниқ жадвал тақдим этиш мажбуриятини олди. Жадвал қурилиш босқичларини якунлаш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва квартираларини топшириш каби масалаларни ўз ичига олади. Ушбу жадвал объект ҳудудида фуқаролар танишиши учун қулай жойга жойлаштирилади.
Мазкур масала уй-жой харидорлари, қурувчи, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар иштирокидаги йиғилишда қайта кўриб чиқилади. Учрашувда жадвал, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда фуқаролар олдидаги мажбуриятларни бажариш бўйича чоралар тақдим этилади.
Вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг шахсий назоратидадир. Ҳокимлик ўз ваколатлари доирасида фуқаролар, қурувчи, банк ва масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорлигига кўмаклашишда давом этади. Масалани кўриб чиқишнинг кейинги бориши ҳақида жамоатчилик хабардор қилинади.
Шуни маълум қиламиз ва эслатиб ўтамизки, рухсат берувчи ва лойиҳа ҳужжатларининг мавжудлиги қурувчининг фуқаролар олдидаги шартнома мажбуриятларини бажарганини англатмайди. Шу боис, битим тузишдан олдин алоҳида ҳушёр бўлиш: мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатларини, қурувчининг молиявий аҳволини, ишбилармонлик нуфузини, фаолият тарихини ва олдинги лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасини синчиклаб ўрганиш, шунингдек, унинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариш қобилиятини баҳолаш лозим.
🤩 1970-йилдан буён фаолият юритаётган 110/35/6 кВ кучланишли «Ботаническая» подстанцияси босқичма-босқич модернизация қ...
⛽️ Тошкент шаҳрида газ таъминотини икки босқичли тизимга ўтказиш ишлари давом этмоқда.⛽️ Мазкур лойиҳа доирасида пойтахт...
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун...
🤩 Ҳар куни пойтахт электр тармоқларида юзлаб мутахассислар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрмоқда.2026-йилнинг да...