Salom Tashkent
Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти – Хитойдан Европагача бўлган Буюк Ипак йўлида жойлашган энг қадимий шаҳарлардан биридир. Шаҳар посёлкаси сифатида, Тошкент ҳақидаги илк маълумотлар шарқ манбаларида милоддан аввалги II асрда пайдо бўлган. Хитой йилномаларида у Юни деб аталган; форс подшоҳи Шампур I қайдларида Тошкент воҳаси Чоч деб номланган. Аммо, баъзи хитой манбаларида бу ҳудуд Ши деб тилга олинган, араблар эса уни Шош деб аташган.
Беруний ва Маҳмуд Кошғарийнинг ёзишича, Тошкент номи илк бор IX-XII аср туркий ҳужжатларида пайдо бўлган. XV аср Россиясида эса шаҳар Ташкура деб танилган. Қадим замонларданоқ қулай географик жойлашуви ва мўътадил иқлими Тошкентни Буюк Ипак йўли бўйлаб асосий манзилгоҳлардан бирига айлантирган. Ушбу фаразни тасдиқловчи далиллар сифатида Ўзбекистонлик археологлар томонидан ҳозирги Тошкентнинг жанубида жойлашган ва Юни дарёси сувлари билан таъминланган Шоштепа посёлкасининг қолдиқлари топилган.
Бу ерда мудофаа деворларининг харобалари ва уларнинг атрофида пишиқ ғиштдан қурилган биноларнинг қолдиқлари топилган. Қалъанинг ташқи мудофаа девори остида ерости йўлаги бор эди ва у ўша даврнинг ҳарбий технологияларига мувофиқ минорали қисмлар билан қурилган.
Эски шаҳарнинг бош майдони – Чорсу – IX асрда пайдо бўлган. Савдо йўллари шаҳарнинг барча дарвозаларидан Чорсуга олиб бориб, аста-секин савдо кўчаларига айланган. Бу майдон Тошкентнинг транспорт тугуни ва бош савдо майдони бўлган. Бу ерда жойлашган Кўкалдош мадрасаси XVI асрда қурилган.
Ҳозирги вақтда Чорсу ҳудуди реконструкция қилинган. Энди бу ерда ГУМ, Марказий шаҳар дорхонаси, Чорсу меҳмонхонаси (у бузилган, ўрнида янги мажмуа қурилмоқда) ва бошқа замонавий иншоотлар жойлашган. Майдон ва савдо расталари атрофидаги маҳаллалар (кварталлар), қадимги даврлардагидек, уларда яшовчи одамлар, турли ҳунармандчилик касб эгаларининг номлари билан аталган. Масалан, Шайхонтоҳурдаги «Падаркуш» маҳалласи олдин «Бўзчи» маҳалласи деб аталган, бу «тўқувчилар ҳудуди» деган маънони англатади (ҳозир бу Лабзак мавзеси). Ёнида бошқа маҳаллалар жойлашган: шимолда — Орқакўча, жанубда — Дукчи, Занжирлик, ғарбда — Пуштибоғ, шарқда — Қудуқбоши. Дегрез (ёки Дероз) маҳалласини “қуймачи усталар маҳалласи” деб таржима қилиш мумкин. Бу ерда 20 та чўян қозон қуйиш устахоналари бўлган. Яқин атрофда, Себзорда «Оҳангузар» маҳалласи жойлашган, бу “темирчилар маҳалласи” деган маънони англатади ва бу ерда кўп темирчилик устахоналари бўлган. Тўқли Жаллоб маҳалласи эса ўз номини бу ерда кўплаб чорвадорлар яшагани учун олган.
Тошкент савдогарлар ва ҳунармандлар шаҳри бўлгани сабабли, йирик архитектура иншоотларининг аксарияти карвонсаройлар, масжидлар ва мақбаралар билан намоён бўлган. Ҳозирги кунгача сақланиб қолган энг қадимий бинолар — савдо йўллари бўйлаб қурилган ва солиҳ шайхлар шарафига қад ростлаган мақбаралардир.
Тошкент тарихининг бу ёдгорликлари нафақат ибодат, эҳсон ва савдо учун жойлар бўлган, балки кимсасиз йўллардаги узоқ сафарларни яшнатиб турувчи гўзал манзаралар ҳам бўлган. Тошкентнинг ўзида ва унга олиб борувчи йўллар бўйлаб 10 га яқин шундай мақбара сақланиб қолган.






































































