- Тошкентдан гапирамиз
- 30.06.2026, 16:31
Буюк Ипак йўлидаги бекат: тартибсиз кутиш ҳудудидан йўловчилар учун мўлжалланган қулай инфратузилмагача
Видеода ушбу бекат ҳудуди аввал қандай ҳолатда бўлганини яққол кўриш мумкин.
Аслида бу ер илгари йўловчилар учун тўлақонли бекат эмас, балки савдо объекти эгаллаган ҳудуд эди. Одамлар автобусни айнан шу объект атрофида кутишга мажбур бўлган. Кутиш жойи тор ва ноқулай бўлган, ажратилган «А» йўлаги мавжуд эмаслиги сабабли автобуслар бекатга яқинлаша олмаган: енгил автомобиллар қатнов қисмининг четини эгаллаб, йўловчиларни чиқариш ва тушириш жараёнига халақит берган.
Мазкур бекат жамоат транспорти учун муҳим нуқталардан бири ҳисобланади. Бу ердан 7 та йўналишли микроавтобус ҳамда 10 дан ортиқ автобус йўналишлари ҳаракатланади. Бундан ташқари, ушбу ҳудуддан Тошкент вилояти йўналишида ҳаракатланувчи бошқа транспорт воситалари ҳам фойдаланади. Ҳар куни бекатда сезиларли йўловчи оқими шаклланади — ундан 6 000 нафардан ортиқ пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари фойдаланади.
Бугунги кунда Буюк Ипак йўли кўчасида «А» тоифасидаги ажратилган йўлак ташкил этилди. Бу автобусларнинг барқарорроқ ҳаракатланиши ва бекатга ортиқча тўсиқларсиз яқинлашишига хизмат қилмоқда.
Аввал савдо объекти эгаллаб турган, йўловчилар учун ноқулайлик туғдирган эски бекат ҳудуди ўрнида иккита замонавий бекат конструкцияси барпо этилди.
Бекат ҳудуди кенгайтирилди. Янгиланган бекат ҳудудининг катта майдони бир вақтнинг ўзида 120 нафардан ортиқ йўловчини жойлаштириш имконини беради ҳамда одамларнинг қатнов қисми четида тўпланиб қолишини камайтиради.
Йўловчиларнинг автобусга чиқиши ва тушиши хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда автобус эшиклари баландлигига яқинлаштирилган замонавий перронлар ташкил этилди. Эндиликда йўловчилар автобусга чиқиш учун қатнов қисмига тушиши ёки тўхтаб турган автомобилларни айланиб ўтишига ҳожат қолмайди.
Шунингдек, ҳудудда янги плитка қопламаси ётқизилди, имконияти чекланган фуқаролар учун қулайлик элементлари назарда тутилди ва жамоат транспортни кутиш учун янада қулай муҳит яратилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур бекат комплекслари босқичма-босқич замонавий сервис ва технологик ечимлар билан жиҳозланади.
Бундай ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад — бекатнинг асл вазифасини қайтаришдир: у савдо нуқтаси, автотураргоҳ ёки автобуслар ҳаракатига тўсиқ эмас, балки йўловчи учун қулай ва хавфсиз жой бўлиши керак.
Замонавий бекат — бу хавфсиз чиқиш ва тушиш, қулай кутиш ҳудуди, жамоат транспорти учун устуворлик ва йўловчига бўлган эътибордир.

😮 Харид предмети:Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларда тарбияланувчилар учун сифатли ва хавфсиз овқатланиш...

✅ Бугун, 21-август соат 23:59 да «Ташаббусли бюджет» доирасида саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи бошланади...
❗️Билдирилган конструктив, жумладан, танқидий фикр-мулоҳазалардан сўнг шаҳар кўчалари қиёфасидаги ўзгаришларни ёритиш ва...
Тошкент шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, туман ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарларининг фуқароларни қаб...