Тошкент шаҳар ҳокимияти расмий сайти
Шрифт ўлчами:
Ранглар схемаси:
Тасвирлар:

Коррупцияга қарши курашиш ва очиқликни таъминлаш борасида тизимли ишлар давом этмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансаб ваколатларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган ушбу янгиланишлар жараёнида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, бюрократик тўсиқларни юзага келтириш ва давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштириш каби салбий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари, хусусан, соҳага оид тизимли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими босқичма-босқич жорий этилди. Ушбу замонавий ёндашув давлат бошқарувида халқаро стандартларга мос келувчи янги назорат механизмини яратишга хизмат қилмоқда.

Мазкур ислоҳотлар доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги таркибида ҳам Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Ушбу тузилмага коррупциявий хавф-хатарларни тизимли равишда таҳлил қилиш ва бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли ҳамда самарали сарфланишини таъминлаш, шунингдек, очиқлик ва шаффофлик муҳитини кучайтириш бўйича кенг ваколатлар берилди.

Хизматнинг фаолияти ижро ҳокимияти тизимидаги жараёнларни рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш тамойиллари асосида ташкил этилган. Ҳозирги кунда мазкур тузилма томонидан Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари, шунингдек, уларнинг таркибий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларида комплекс мониторинг ва ўрганиш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Ички назорат хизмати томонидан олиб борилган тизимли таҳлиллар натижасида муқаддам жиноят содир этган 29 нафар ходим, жумладан 6 нафари туман ҳокимликлари, 23 нафари эса ҳокимлик тизимидаги ташкилотлар ходимлари, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ҳокимлик тизимидаги 1 353 нафар ишчи-ходим тўғрисидаги маълумотлар батафсил ўрганилиб, қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан тегишли таъсир чоралари белгиланди.

Хусусан, жиноят содир этган ходимлардан 2 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари амалдаги қонунчиликка мувофиқ бекор қилинди. Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш шароитларини чеклаш мақсадида 1 нафар ходим белгиланган тартибда ротация қилинди. Қолган ҳолатлар бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилиб, тегишли туман ҳокимликлари раҳбариятига ушбу ходимларни бошқа лавозимларга ротация қилиш, уларнинг кундалик фаолияти устидан назоратни кучайтириш ҳамда бевосита масъулиятини ошириш юзасидан топшириқлар юборилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 1353 нафар ишчи-ходимларга оид маълумотлар ва таҳлилий материаллар уларнинг бевосита раҳбарларига тақдим этилди. Раҳбарлар зиммасига ҳар бир ходим билан индивидуал тартибда тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди. Ушбу чорадан кўзланган асосий мақсад – ходимлар  ўртасида ижро интизомини мустаҳкамлаш ва келгусида шу каби қонунбузилиш ҳолатларининг такрорланишига йўл қўймасликдан иборатдир.

Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати фақатгина жазолаш эмас, балки тизимда ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, давлат харидларини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида шаффофликни таъминловчи ички идоравий ҳужжатлар лойиҳалари доимий равишда ўрганилиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, пойтахт ҳокимлиги тизимида коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик муҳитини яратиш, ижро ҳокимияти органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш ва очиқлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги тизимли ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Зеро, давлат аппаратининг софлиги ва шаффофлиги тизимга бўлган ишончнинг бош гаровидир.


Тошкент шаҳар ҳокимининг комплаенс

ва коррупсияга қарши ички назорат

бўйича ўринбосари                                                           М.Мирхамидов 

Теглар:
Ўхшаш янгиликлар
Бектемирда янги мактаб қад ростламоқда
10.08.2026, 16:12
Бектемирда янги мактаб қад ростламоқда

📍Бектемир туманида замонавий мактаб қурилиши қизғин давом этмоқда. Қурилиш ишлари 2026-йил апрель ойида бошланган бўлиб...

Korrupsiyaga qarshi kurashish va ochiqlikni taʼminlash borasida tizimli ishlar davom etmoqda
10.08.2026, 14:06
Korrupsiyaga qarshi kurashish va ochiqlikni taʼmin...

Korrupsiyaga qarshi kurashish va ochiqlikni taʼminlash borasida tizimli ishlar davom etmoqda So‘nggi yillarda mamla...

«Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ҳамда «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари тумандаги маҳаллаларда қизғин паллага кирди.
10.08.2026, 11:18
«Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ҳамда «...

👍 Бугун эрта тонгдан Мирзо Улуғбек туман ҳокими Боходир Ғайбназаров бошчилигида барча масъуллар саф йиғинини ўтказди. У...

«Ўзбекистон 24» телеканали Тошкент маҳаллаларида «Долзарб 40 кунлик» ҳамда «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида лавҳа тайёрлади.
10.08.2026, 10:22
«Ўзбекистон 24» телеканали Тошкент маҳаллаларида «...

📍Янгиҳаёт туманида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар атрофи ободонлаштирилмоқда, ички йўллар тартибга келтирилиб,...