- Тошкентдан гапирамиз
- 15.04.2025, 13:58
КОРРУПЦИЯ ЖАМИЯТДАГИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

КОРРУПЦИЯ ЖАМИЯТДАГИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ
Бутун дунёда асосан коррупциянинг табиати ва моҳияти салбий ижтимоий ҳодиса сифатида таҳлил қилинади. Коррупция – бу шахснинг мансаб ваколатидан ҳар қандай кўринишда қонунга ҳилоф равишда фойдаланиши. Коррупцияга оид ҳуқуқий онг аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик ва турмуш даражасининг пастлиги натижасида шаклланади. Бундан ташқари, жамиятимиздаги мавжуд порахўрлик давлат ташкилотларининг заифлигини англатади. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда жамоатчилик назоратини тўлиқ амалга ошириш давлатнинг коррупцияга қарши курашдаги асосий сиёсатларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқида “Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак” деб таъкидлаб ўтган эди.
Коррупция – универсал ҳодиса, бўлиб, ҳуқуқий жамият қуриш, инвестицияларни жалб қилиш ва аҳолининг, айниқса, унинг камбағал қатламларининг фаровонлигини ошириш борасидаги барча ҳаракатларни йўққа чиқаради.
Коррупция – ижтимоий муносабатлар ривожига салбий таъсир кўрсатувчи, шунингдек, жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишини сезиларли даражада мураккаблаштирадиган, бошқарувда кичик гуруҳларнинг шахсий манфаатлари кўпчиликдан устун бўлишини таъминловчи тизимли характердаги энг бузғунчи омил бўлган институционал хавфли ҳодисадир. Шуни таъкидлаш зарурки, олиб борилаётган турли хил тушунтириш ишларига ва қўлланилаётган жазо чораларига қарамай, коррупция ижтимоий ҳодиса сифатида сақланиб қолмоқда ва ижтимоий ҳаётнинг янги соҳаларига кириб келмоқда.
Коррупция жамиятдаги оддий ҳодиса эмас, у бутун жаҳон ҳамжамиятига, хусусан, бизнинг мамлакатимизга ҳақиқий таҳдиддир. Ҳозирги кунда бу иллат ҳар қандай жамиятнинг асосий социологик муаммолардан бири ҳисобланади. Кўриниб турибдики бундай зарарли ҳодиса барча давлатларда учрайди, лекин, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга катта иқтисодий зарар етказади. Коррупция айнан ижтимоий муҳтож оилаларга номутаносиб даражада катта зарар етказиб, уларда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизлик пайдо қилади. Бу ўз навбатида, тенгсизлик ва ижтимоий адолатсизликни шакллантиради ҳамда хорижий инвестициялар оқимларининг кириб келишига суъний тўсқинлик қилади.
Дарҳақиқат, агар коррупция соф иқтисодий ҳодиса бўлганида эди, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари бу иллатдан буткул ҳоли бўларди. Ваҳоланки, жаҳоннинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ҳамда Жаҳон банки маълумотларига қараганда, коррупция даражаси энг ривожланган мамлататларда ҳам юқори бўлиб қолмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек “Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат беради”. Жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция туфайли шунча маблағ йўқотаётгани, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самара беради.
Коррупция жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Жамиятдаги энг катта хавф давлат фуқоралик хизматчиларининг жиноий гуруҳлар билан тил бириктириши, шунингдек, турли даражадаги давлат тузилмаларига жиноий элементларнинг кириб келиши билан боғлиқ. Ушбу ижтимоий ҳодиса келтириб чиқарадиган салбий оқибатлар нафақат жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, балки давлатнинг миллий хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади.
Бугунги кунда коррупциянинг қуйидаги сабабларини учратишимиз мумкин, хусусан:
- иқтисодий муносабатларнинг ривожланишини секинлаштирадиган бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги;
- давлат идораларида шаффофликнинг тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги;
- кадрлар сиёсатининг заифлиги;
- такрорланадиган лавозимларнинг мавжудлиги;
- давлат идораларидаги непотизмнинг ривожланиши.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6098-сон Фармонига асосан мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш, солиқ қонунчилиги талабларига риоя қилиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш ва унинг тартибини соддалаштириш нормалари татбиқ этилиши ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича махсус комиссия тузилиши, унга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши белгиланди.
Презентимизнинг “Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади” деган ибораларидан келиб чиқиб, коррупцияга қарши самарали курашиш учун коррупцияни қўллаб-қувватловчи айрим давлат органларини қисқартириш ёки ҳусусий секторга ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, барча давлат органларида жамоатчилик назоратини ўрнатиш, давлат ташкилотларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан салбий муносабатни шакллантириш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини тўлиқ таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириб, уларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарур.
Шуҳрат Турдикулов Худойкулович,
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга
қарши ички назорат гуруҳ раҳбари,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Жамоатчилик кенгаши июнь ойида ўз ишини вақтинча тўхтатган эди. 8 ноябрь куни Диёр Мирзааҳмедов раислигида кенгаш яна йи...

Ўзаро мулоқот давомида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда “Ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда турли...

Автотранспорт воситалари ҳақида маълумотлар 1-илова 10-банд. Давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхонал...