Эски версия
Шрифт ўлчами:
Ранглар схемаси:
Тасвирлар:

“III Тошкент Антикоррупция Форум” бўлиб ўтди.

3-ноябр куни пойтахтда “III Тошкент Антикоррупция Форум” бўлиб ўтди.

Форум Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан Миллий коррупцияга қарши кураш кенгаши, БМТ Наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури (ПРООН), АҚШ Давлат департаментининг халқаро наркотик моддалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига қарши кураш бўйича бюроси (INL), Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Жанубий Корея, Қатар, Малайзия, Эстония, Финляндия, Латвия, Гонконг ва Марказий Осиё давлатларининг антикоррупция идоралари раҳбарлари, Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, Минтақавий мулоқот, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти етакчи мутахассислари, шунингдек, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Форумнинг асосий мақсади — коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган натижаларни маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар ҳамда кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш, тажриба алмашиш, бу йўналишда халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, шунингдек, келажакдаги режаларни ва янги истиқболларни муҳокама қилишдан иборат.

Форум ўз ишини ялпи мажлисдан бошлади. Унда халқаро ва хорижий амалиёт мисолларида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларниг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тақдимотлар қилинди. Иштирокчиларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳам тақдим этилди.

Форум доирасида Минтақавий антикоррупция платформасининг ишга туширилиши маросими бўлиб ўтди. Ушбу платформа Марказий Осиё мамлакатлари томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларини самаралироқ амалга ошириш, минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида ташаббус қилинган.

Платформа фаолияти коррупцияга қарши самарали профилактик чора-тадбирлар, хусусий секторда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш, активларни қайтариш ва халқаро ҳамкорлик каби йўналишларни ўз ичига олади.

Йиғилиш сессиялар доирасидаги мулоқотлар билан давом этди. Жумладан, биринчи сессияда “Ахборотдан фойдаланиш коррупцияни олдини олишнинг самарали усули сифатида” мавзусида Эстония, Финляндия, БМТ Тараққиёт дастури раҳбарлари ва бошқа масъул шахслар жамиятни коррупцияга қарши ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, давлат идоралари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича самарали механизмлар яратиш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар бўйича маълумот бердилар.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокчилари “Давлат органлари фаолиятини антикоррупция идоралари томонидан мувофиқлаштириш” мавзусидаги сессияда ўз мамлакатларининг антикоррупция идоралари фаолияти мисолида ғоя ва тажриба алмашдилар. Шунингдек, ушбу сессия доирасида Жаҳон банки ва Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти мутахассислари иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Малайзия, Қатар, Гонконг ва Европа Кенгаши вакиллари “Коррупцияга қарши таълим ва тарбия коррупцияни олдини олишнинг механизмлари сифатида” мавзусидаги сессияда коррупцияга қарши таълимдаги ролларини муҳокама қилдилар. Иштирокчилар Ўзбекистонда коррупцияга қарши таълим доирасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, келгусидаги режаларни муҳокама қилдилар.

Иштирокчилар халқаро ҳамкорликнинг коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ўзига хос жиҳатларига, унинг истиқболларига, ҳуқуқий ва институционал асосларни такомиллаштиришга, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Форум доирасида коррупцияга қарши экспертиза ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, коррупцияга қарши курашда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати шакллари каби мавзуларда интерактив сессиялар ўтказилди.

Диалоглар якунида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича мавжуд сиёсатни такомиллаштириш, бу борада кўрилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва сифатини баҳолаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Форум якунида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга қарши курашиш жараёнларида фаол иштирок этаётган бир қатор ташкилотлар ва фуқароларни тақдирлади.

Сайтнинг янги версиясини ишга туширдик, эски версияга қайтишни истасангиз, бу ерга босинг

Эски версия