Тошкент шаҳар ҳокимияти расмий сайти
Шрифт ўлчами:
Ранглар схемаси:
Тасвирлар:

Давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш – коррупциянинг олдини олишнинг энг самарали механизми

Янги Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш нафақат аҳолининг давлат бошқарувига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, балки коррупциявий хавфларнинг олдини олиш, қарор қабул қилиш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасига мувофиқ ҳар ким давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Мазкур конституциявий кафолатни амалга ошириш мақсадида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни давлат органларининг жамоатчилик олдида очиқ ва ҳисобдор бўлишини белгилаб берган бўлса, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун давлат бошқарувида шаффофликни таъминлашни коррупциянинг олдини олишнинг асосий чораларидан бири сифатида белгилайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва рақамлаштириш соҳасида қабул қилган фармон ва қарорлари давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг электрон платформалар орқали жамоатчиликка эълон қилиниши, уларнинг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида «E-qaror» тизимидаги ҳужжатлар мониторингини олиб бормоқда.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида қабул қилинаётган қарор ва фармойишларнинг 67 фоизи жамоатчилик учун очиқланиши таъминланди. Маҳфийлик сақланган ҳужжатлар эса фақат қонунчиликда белгиланган хизмат доирасида фойдаланиш ёки шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлардан иборат бўлди. Бу эса давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчиликнинг ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида муҳим амалий натижа ҳисобланади.

Шунингдек, ўтказилган таҳлиллар натижасида ҳуқуқий ва коррупциявий хавфларни келтириб чиқариши мумкин бўлган 9 та қарор ва фармойиш лойиҳаси рад этилди, ҳужжатларнинг 12 фоизи эса қайта ишлаш учун ташаббускорларга қайтарилди. Ушбу кўрсаткичлар қабул қилинаётган қарорларнинг ҳуқуқий сифатини ошириш, уларни қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш ҳамда коррупция омилларини барвақт бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари ҳам сезиларли натижалар бермоқда.

Таҳлиллар жараёнида Тошкент шаҳар ҳокими қарорлари асосида ажратилиши режалаштирилган маблағлар ҳар томонлама ўрганилиб, 2 миллиард сўм бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди. Бу эса давлат молиявий манфаатларини ҳимоя қилиш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва давлат маблағларидан оқилона фойдаланишга қаратилган профилактик чораларнинг амалий самарасини кўрсатади.

Давлат хизматига қабул қилиш жараёнларида ҳам очиқлик ва холислик тамойилларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуни, шунингдек «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда номзодлар ҳар томонлама ўрганилмоқда.

Давлат хизматига ҳалоллик, холислик ва юқори масъулият тамойилларига содиқ кадрларни жалб этиш ҳамда коррупциявий хавфларни барвақт бартараф этиш мақсадида тизимли ўрганишлар ўтказилди. Хусусан, ишга қабул қилинаётган 93 нафар номзод тегишли тартибда текширилиб, 8 нафар номзоднинг ишга қабул қилиниши рад этилди.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш эмас, балки унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишдан бошланади. Замонавий комплаенс тизимининг асосий вазифаси ҳам айнан профилактика, тизимли таҳлил ва коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш орқали давлат бошқарувида қонунийликни таъминлашдан иборат.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати томонидан амалга оширилаётган мазкур ишлар давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни янада мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, қарор қабул қилиш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда.

Келгусида ҳам давлат бошқарувида очиқлик, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавфларни барвақт бартараф этиш ҳамда замонавий комплаенс механизмларини янада такомиллаштириш йўналишида тизимли ишлар изчил давом эттирилади.

 

 

Тошкент шаҳар ҳокимининг комплаенс

ва коррупсияга қарши ички назорат

бўйича ўринбосари                                                           М.Мирхамидов

 

 

Теглар:
Ўхшаш янгиликлар
Автомобиллар сони 30 фоизга ошди, аммо тирбандлик 6 баллда сақланди: ЙҲТЕМ Вазиятлар маркази Тошкент транспорт оқимини қандай бошқармоқда?
03.09.2026, 10:37
Автомобиллар сони 30 фоизга ошди, аммо тирбандлик ...

2026-йил 2-сентябр — янги ўқув йилининг илк кунида Тошкент кўчаларидаги транспорт оқими 24-августдаги одатий иш кунига н...

Ҳурматли талабалар!
02.09.2026, 17:57
Ҳурматли талабалар!

Тошкент шаҳрида талабаларнинг кундалик транспорт ҳаракатини ўрганиш мақсадида қисқа сўровнома ўтказилмоқда.📲 Ботга кири...

Янги ўқув йили: пойтахт транспорт тизими юқори юкламагa тайёр
02.09.2026, 10:12
Янги ўқув йили: пойтахт транспорт тизими юқори юкл...

🔺 Эртага, 2-сентябр куни, умумтаълим мактабларида 2026/2027-ўқув йили бошланади. Шу муносабат билан Тошкент кўчаларида,...

Тошкентнинг электр қуввати қанчага ошмоқда?
02.09.2026, 10:00
Тошкентнинг электр қуввати қанчага ошмоқда?

🤩Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида пойтахт электр таъминоти тизимини янада барқ...