Изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида барқарор ривожланиш давом этмоқда. Президентимиз Ислом Каримов 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқрозига қарамасдан ўтган йили ялпи ички маҳсулот 8,1 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,0 фоиз ўсганини таъкидлади.
Саноат корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш, ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш ҳамда кооперацион алоқаларни мустаҳкамлашда давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, корхоналарни замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашга қаратилган дастурлар юксак самаралар бермоқда.
Буни Тошкент шаҳридаги замонавий технологиялар билан жиҳозланган “Темирчи” очиқ ационерлик жамияти фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Ўтган йили корхонада 4 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрланди. Айни вақтда 100 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналари учун ўнга яқин ускуна ва қурилма тайёрланмоқда. Шунингдек, 263 турдаги бутловчи ва эҳтиёт қисм ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Уларнинг аксарияти маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилмоқда. Кичик ёғ линияси учун, ўсимлик дони ва пахта чигитини тоблаш ва эзишда қўл келувчи эҳтиёт қисмлар шулар жумласидандир.
Корхона юртимиздаги барча ёғ-мой заводлари билан кооперация алоқаларини мустаҳкамлаб, жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратаётир. 2009 йил ҳисобидан “Косон ёғ экстраксияси”, “Тошкент ёғ-мой”, “Эффект оил” очиқ акционерлик жамиятларига зарур эҳтиёт қисмлар етказиб берилди. Айни пайтда корхонада тайёрланаётган ускуналар чидамлилигини ошириш мақсадида сиртини хромлаш чоралари кўрилмоқда. Бу эса маҳсулотлар сифати янада ошишига хизмат қилади.
– Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўтган йили эшик-ромлар учун алюмин профил ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, – дейди “Темирчи” очиқ акционерлик жамияти бош муҳандиси Шуҳрат Хилватов. – Импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот тайёрлай бошлаганимиз даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзлардан фойдаланишимиз имконини бермоқда. Бу ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, ишчиларни моддий рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Модернизация ишлари самарасида корхонада фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субектларига мўлжалланган ёғ-мой ишлаб чиқариш линияси яратилди. Мазкур ускуна соатига 50 килограмм хомашёни қайта ишлай олади. У кунгабоқар, кунжут, ерёнғоқдан ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўл келади.
Ҳозирги шароитда корхоналар барқарорлиги ҳамда маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири кооперацион алоқаларни ривожлантиришдир. Буни яхши англаган корхона жамоаси нафақат ёғ-мой корхоналари, балки бошқа тадбиркорлик субектлари билан ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ўтган йили мактаблар ва кутубхоналар учун 18 мингдан кўпроқ китоб жавони, парта ва стуллар тайёрланди. Корхонанинг бундай маҳсулотларига қўшни давлатларда ҳам талаб ортмоқда. 2009 йилда экспорт ҳажми сезиларли даражада ошгани бунинг далилидир.
ЎзА uza.uz
05.02.2010







Олдин





