tashkent.uz Tashkent.Uz - Суронли Ўзгаришлар Даври
Фотогалерея
Видеогалерея
Суронли ўзгаришлар даври

  Ўзаро урушлар, Амир Темур ва темурийлар салтанатининг парчаланиб кетиши натижасидаги жароҳатларга қарамай, XVI асрда ҳам Тошкент обод шаҳар бўлиб қолаверди.

  Шаҳар чеккасида, Кайковус ариғи ёқасидаги хушманазара жойда шайбоний султонларнинг қароргоҳи жойлашган бўлиб, "Шоирлар боғи" деб аталган боғ вужудга келтирилганди. Бу ерда олимларнинг баҳс мунозаралари бўлиб ўтар, мушоиралар ташкил қилинарди. Ана шу ҳудудда Муҳаммад Қаффол Шоший қабри ёнида ёдгорлик мажмуаси ташкил қилиниб, Бароқхон мадрасаси, шаҳар чеккасида намозгоҳ масжиди қурилди. Шаҳар марказида эса Кўкалдош мадрасаси тикланди.

  Буюк Ипак йўлининг инқирозига кўп жиҳатдан XVI- XVII асрларда денгиз йўлларининг очилиши сабаб бўлди. Бундан ташқари технология ва фан ҳам ривожлана бошлади. Шуларга қарамай, Тошкент яна бир неча асрлар давомида карвон савдосининг маркази бўлиб турди.

  Лекин тўхтовсиз давом этган ўзаро урушлар, кўчманчи қабилаларнинг ҳужумлари, шаҳарни босиб олиниши ва талон-тарож қилиниши иқтисод, маданият ва шаҳар ҳаётининг ривожланишига тўсиқ бўлиб, таназзулга олиб келди.

  XVIII аср оғир ва нотинч кечди. Бироқ бу юз йилликнинг охири шаҳар ҳаётининг янги тикланиш даври бошланди. Бу даврга келиб савдо сотиқ жонланиши кузатилди, шаҳарда бир неча ўнлаб карвонсаройлар мавжуд эди. Уларнинг аксарияти шаҳардаги асосий бозор (ҳозирги Бешёғоч бозори) яқинига жойлашди. Энг катта карвонсарой эса Жангоб ариғи бўйида эди. Бу ерда асосан ҳинд савдогарлари тўхташарди. Рус савдогарларининг ҳам ўз карвонсаройлари бўлиб, улардан бири Салор анҳори соҳилида жойлашганди.

  XVIII аср охирида Тошкентда Шарқда камдан-кам учрайдиган бошкарув тизими қарор топди.Тадқиқотчилар унга "чорҳокимлик" деб ном берганлар. Ҳокимларнинг ҳар бири шаҳардаги тўртта даҳа Себзор, Кўкча, Шайхонтоҳур ва Бешёғоч даҳасидан бирининг вакили ҳисобланарди. Ҳокимларнинг ҳокимият учун курашида Шайхонтоҳур даҳаси ҳокими Юнусхўжа зафарга эришиб, ягона ҳоким сифатида Тошкент давлатини ташкил қилган. Бу давлат ўз ҳуқуқий меъёрларини мустаҳкамлади ва ҳатто чегараларини кенгайтириш учун урушлар олиб борди. Бироқ Қўқон хони билан бўлган тўқнашувда мустақиллик бой берилди. Тошкент қўқонликлар қўл остига ўтган бўлсада, таслим қилинмаган эди, шаҳар аҳолиси Қўқон ҳукмронлигига қарши доимо қўзғолон кўтариб турарди.

  Ана шу пайтда шаҳар майдони 30 чақирим квадрат бўлиб, 12та дарвозаси бор эди. Булар шимолий шарқий қисмида Лабзак ва Қашқар, шарқий қисмида   Қўқон, Қайтмас ва Бешёғоч, жануби шарқда   Камолон, жанубда   Самарқанд, ғарбда Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой ва шимолда Тахтапул дарвозалари эди.

  Шаҳар аҳолиси Бўзсув ариғидан сув ичган, ундан 12та катта ариқ тармоқланган. Тошкент аҳолиси Россия империяси томонидан босиб олиниши арафасида 100 минг кишига яқин бўлган. Аҳолининг ижтимоий таркиби турлича эди: йирик ер эгалари, савдогарлар, оқсуяклар ва руҳонийлардан тортиб ҳунармандларгача бор эди. Шаҳар кўплаб йигирув тўқув, ёғоч ва металл, тери ишлаш корхоналари, кулолчилик ва тўқимачилик ишлаб чикариш устахоналари билан шуҳрат қозонганди. Тошкентда ўша вақтда 400га яқин масжид, Юта мадраса бўлган. Шаҳарни Қўқон хони томонидан тайинланадиган бек бошқарган, унга мингбошилар бўйсунган. Мингбошилар шаҳарнинг тўртта даҳаси: Кўкча, Бешёғоч, Шайхонтоҳур ва Себзорни бошқаришар эди. Ҳар қайси даҳа жуда кўп маҳаллаларга бўлинган бўлиб, уларни юзбошилар бошқарарди. Тадқиқотчи Н.А. Маев Тошкентда 1876 йилда 149та маҳалла бўлганлигини ёзган.

  XIX аср манбаларида ҳар бир маҳаллада ЗОдан 150гача оила яшаганлиги маълум қилинади. Маҳаллаларнинг номлари уларнинг аҳолиси шуғулланган касб-ҳунарига мувофиқ келган (масалан, Пичоқчилик, Дегрез, Этикдўз) ёки этник таркибига монанд бўлган (Ўзбекмаҳалла, Тожиккўча). Айрим жойлар рельефи ва табиий хусусиятларига қараб номланган (Сассиқҳовуз, Чуқуркўприк, Баландмасжид ва бошқалар).

  Тошкентда бозорлар кўп эди, улар шаҳарнинг энг гавжум жойлари бўлган. Бозорларнинг энг йириклари Эски Жўва, Чорсу, Регистон ва Каппон бозорлари эди. Эски шаҳар марказида жойлашган Регистон бозори шаҳарнинг барча дарвозалари билан кўчалар орқали боғланган. XIX асрда Тошкентни ўрганган Н.Г. Малицкийнинг фикрига кўра, бундай режалаштириш аввал бошдан ички ва ташқи савдонинг ривожланишига мувофиқ келган. XIX аср ўрталарида Тошкентда 18 карвонсарой ва 4500дан ортиқ дўкон бор эди.

  Бу даврда айниқса, Россиянинг Оренбург, Троицк, Семипалатинск ва Петропавловск билан бўладиган савдо ривожланди. У ёкдан Тошкентга металл, мовут, шакар каби моллар ортган карвонлар келарди.

  Тошкентдан мевалар, дон, пахта, газмоллар, тери ва бошқа моллар олиб кетиларди. Тошкент ҳамма даврларда, қадимдан то ҳозирги вақтгача тарихий карвон йўллари ва замонавий транс магистраянинг муҳим маркази бўлиб келган ва бўлиб қолмокда. ТРАСЕКА Европа Кавказ Осиё транспорт йўлагининг вужудга келтирилиши ҳам шундан далолат беради. Унинг қигьалараро магистраллари ишлаши амалда Буюк ипак йўли йўналиши билан мос келади. Бу Ўрта Осиё минтақаси, Осиё Тинч океани мамлакатлари, Ҳиндистон ва Хитой, Олд Осиё, Туркия ва Оврупо мамлакатларининг ташқи иқтисодий алоқалари кенгайиши учун қулай имкони ятлар яратади.

  Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилган ва 1873 йил Тошкентга келган америкалик Южин Скайлер шундай деб ёзган: "Осиёдаги ҳеч бир шаҳар Эски Тошкент сингари турли туман эмас. Унинг кўчалари ажиб эгри бугри бўлиб, улардан юрар экансиз, кўчалар гоҳ баландга чиқади, гоҳ пастга тушади, кўққисдан қандайдир деворга бориб тақаласиз ёки осмонўпар минорали масжид пештоқи остида бўлиб қоласиз. Баъзида чуқур жарлик лабига ёки бўлмаса сувга тегай тегай деб турган омонатгина ёғоч кўприкка келиб қоласиз. Ҳаммаёқда деворлар ёқасида дарахтлар бўй чўзган, зеро бу ерда боғ-роғлар жуда кўп. Ёки бирор-бир муюлиш сизни аллақандай тегирмон ёнига олиб чиқади, унинг овози олисдан ҳам эшитилади". Ю. Скайлерни маҳаллий тегирмонлар тузилиши жуда қизиқтирган: "Сув тарновдан қуйилиб улкан ғилдиракни айлантиради, ғилдирак ўқида катта-катта ёғоч тишлар бор. Уларга йўғон ёғоч ходалар ўрнатилган. Ғилдирак айланган сайин улар бирин-кетин тишлар бўйлаб пастга шўнғийди, ходанинг болға шаклидаги бошқа учи кўтарилиб куч билан ўғурга уради ва ундаги донни майдалайди. Бу хилдаги тегирмонлар шубҳасиз, юз йилликларни ўз бошидан кечирган ва қадим даврлардан буён ўзгармай келади".

  Эски шаҳарни таърифлар экан, у яна шуларни таъкидлаган: "Анҳор кўпригидан ўтилган ҳамоноқ дўконлар келади, сўнг дегрезлик устахонаси, тўқимачилик мануфактураси ва янги бўялган ип калавалари ёйиб қуритиладиган деворлар бошланади, сўнг пиёда бораётган одам рўпарасида бозорга кириладиган асосий йўлни ажратиб турадиган ҳашаматли Бегларбеги мадрасаси биноси пайдо бўлади. Бу бутун шаҳар ҳаётининг марказидир, бу ерда ўрта аср шаҳри эпкини уриб туради. Мадраса олдидаги майдончадан асосий бозорнинг бутун манзараси кўриниб гуради". "Агар олисга назар ташласанг, тупроқдан иборат бўлган кенг яланглик кўрингандай бўлади, аслида эса у зич дўкончалар ва уйларнинг текис томларидан ташкил бўлган, у ер-бу ерида ўт-ўлан, кўкнор ўсган катта жойлигини сезгач, тепаликлар орасидаги пастликни эгаллаган бозорни пайқайсан. Тепаликларда масжидлар қад ростлаган, уларнинг олдида эса ҳаммомларнинг гумбазлари. Ҳар бир кўча ўзича ихтисослашган: мана, шойи сотувчилар кўчаси, нарироқда заргарлар, мана бу ерда эса жез идишлар тайёрлайдиган усталар ишлаб турибди. У ер-бу ерда карвонсарой ҳовлиси равоқлари кўзга ташланади. У ерда савдогарларнинг идоралари, меҳмонхона ва омборлар жойлашган, дўкон ва пештахталар енгил бўйра билан тўсиб кўйилган. Шифтга шифобахш гиёҳ боғламлари осиб қўйилган бўлса, дорилар билан савдо қилинадиган жой англашилади. Бу ерда кўмир чўғида кабоб тайёрланади. Нарида эса чойхона, нонвойхона. Ундан сал юқорида сотувчи болаларни шакарқамишдан тайёрланган яхна шарбат ичишга чорламоқда.

  Ҳар қайси дўконча бир ёки иккита кичик хонадан иборат, улар кўча томонга кенг очиқ, сотувчи эса, гиламда ёки бўйрада молларини ёнига қўйиб ўтиради. Харидорлар эса кўчада қоладилар ёки кўпинча от-уловдан тушмай бўсағада турадилар".

  Ю. Скайлер ҳам ўрта аср муаллифлари каби, Тошкентнинг кўкаламзорлиги борасида хайратланиб ёзган, узоқдан шаҳарга қараганда атрофидаги боғ-роғлар уни бутунлай буркаб олганлигини кўриш мумкинлигини таъкидлаган. "Руслар келгандан сўнг жиддий зарарланганлигига қарамай боғлар хамон гўзал. Ярмарка ва ҳарбий парадлар ҳамда машқлар ўтказиладиган майдонлар учун жой очишаётганда дарахтлар кесилиб кетган. Кўп дарахтлар ёқиш учун ҳам кесилган. Кўмир қиммат бўлганлиги учун арзон ёқилғи тариқасида маҳаллий боғлардаги мевали дарахтлар, хусусан, ўрик, шафтоли, олча дарахтларини арралаб ёқишни маъқул кўрганлар".

  XIX аср ўрталарида Ўрта Осиё хонликларини қуршаб олгам ижтимоий-иқтисодий таназзул Россия империясининг бу минтақага нисбатан стратегик босқинчилик режаларини амалга ошириш ва Қўкон хонлигини босиб олишни тезлаштирди. Тошкент хонликнинг муҳим маданий ва иқтисодий марказларидан бири эди, Тошкент орқали қўшни давлатлар Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги, Хитой, Афгонистон, Ҳиндистон ва Россия билан савдо-сотиқ амалга ошириларди.

  М.Г. Черняевнинг Тошкентни босиб олиш борасида 1864 йил 27 сентябрда амалга оширган дастлабки уриниши муваффақиятсизлик билан тугади. Шу давр тарихчиси Муҳаммад Солих Қори Тошкандийнинг маълумотларига кўра, Эшон Қорабошхўжа бошчилигидаги шаҳар оқсоқоллари Эшонқули додхоҳ мадрасасида тўпланиб, таслим бўлмаслик ва Тошкентни мудофаа қилишга келишиб оладилар. Тошкентликлар ўз шаҳри учун мардона жанг қилдилар. Уз қўшинлари билан етиб келган Қўқон хонлиги Амирлашкари мулла Алимкул Черняев қўшинларига зарба берди, улар Чимкентга чекинишга мажбур бўлдилар. Тошкентга қилинган иккинчи юриш пайтида (1865 йил) балоғатга етмаган Қўкон хони Султон Саид оталиғи Амирлашкар Мулла Алимқул раҳнамолигида шаҳарда олти минг кишидан иборат қўшин йиғиб қўйган эди. Тошкент ҳокими шаҳарликларни сафарбар қилди. Шаҳар турли мудофаа иншоотлари билан мустаҳкамланди. 3000 кишидан иборат қўшин шаҳардан 25 чақирим шимоли шарқда, Чирчиқ дарёсининг Бўзсув бошланадиган жойидаги Ниёзбек қалъасини ҳимоя қилди. Бироқ душманнинг ҳарбий таъминоти ва қурол аслаҳаси такқослаб бўлмас даражада кучли эди. Тошкентни таслим бўлишга мажбур этиш учун Черняев Ниёзбек қалъаси олдида Бўзсув ариғини тўсиб қўйиб, шаҳарни сувсиз қолдирди.

  1865 йил 28 апрелда генерал М.Г. Черняев 1950 аскардан иборат кўшин, 12 тўп билан Ниёзбек қалъасини эгаллаб, у ерга мустаҳкам ўрнашиб олади. 1 май куни Черняев қўшинлари Тошкентга яқинлашди. 9 май куни шаҳардан 8 чақирим нарида, Шўртепа яқинида Қўқон ва рус қўшинлари ўртасида жанг бошланди.

  Шу куни қаҳрамонларча жанг қилган Амирлашкар Алимқул оғир ярадор бўлди ва кўп ўтмай вафот этди. Муҳаммад Солиҳнинг гувоҳлик беришича, Алимқулнинг довюраклигига генерал М.Г. Черняев ҳам қойил қолган, жанглар тугагандан сўнг, унинг Шайхонтоҳур мозоридаги қабрига келган. Рус қўшинларининг кучли ва тезкор ҳужумидан сўнг, ўз ҳарбий лашкарбошисидан жудо бўлган Қўқон гарнизони чекина бошлади.

  Тошкентликлар Бухоро амирига ёрдам сўраб мурожаат қи ладилар. Бухородан келиши эҳтимол тутилган мадад йўлини тўсиш учун Черняев Чиноз қишлоғи яқинида Сирдарёдан ўтадиган кўприкни эгаллаб, уни бузиб ташлади. Кўп ўтмай Тошкентнинг 42 кунлик узоқ қамали бошланади.

  Рус кўшинлари 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси янгидан ҳужум бошладилар. Икки кун шаҳарда кўча жанглари давом этди. Кўп уйлар ёндириб юборилди. Тошкентни ҳимоя этаётган кучларга Искандарбек бошчилик қиларди, уни Бухоро амири оз сонли қўшинга етакчи қилиб юборганди. Ниҳоят, 16 июнь кечга якин шаҳар таслим бўлишга мажбур бўлди. Шаҳар аёнлари номидан Тошкент Россия империясига гўё ўз ихтиёри билан кўшилганлиги тўғрисида ҳужжат тайёрланди. Унга имзо чекишдан бош тортган шаҳар бошқарувининг Солихбек Охунд бошчилигидаги 6 вакили Сибирга сургун қилиб юборилди.

  1865 йил 29 августда Тошкентнинг Россия империяси таркибига қўшиб олинганлиги расмий равишда эълон қилинади.

  1867 йил 16 июлдаТуркистонгенерал губернаторлиги тузилди. Бу вақтга келиб, рус қўшинлари Хўжанд, Ўратепа, Жиззахни эгаллаган эдилар. Туркистон генерал губернаторлиги ҳудуди Сирдарё ва Еттисув вилоятларидан ташкил топган эди. 1868 йил Самарқанд яқинида Бухоро амирлиги қўшинлари билан бўлган жангдан сўнг шаҳар босиб олинди ва вилоят ҳам Туркистон генерал губернаторлигига қўшилди. Тошкент бир вақтнинг ўзида губернаторликнинг ва Сирдарё вилоятининг маркази ҳамда генерал губернаторнинг қароргоҳи бўлиб қолди. Шу йили Анҳорнинг сўл қирғоғида шаҳарнинг янги қисмини куриш бошланди, бу ерда кейин чор амалдорлари, зобитлар ва рус аҳолиси вакиллари яшайдиган бўлди. Ана шу пайтдан бошлаб шаҳар эски ва янги Тошкентга бўлинди.

  1876 йил Қўкон хонлиги тугатилди, унинг худудида эса Туркистон генерал губернаторлигининг Фарғона вилояти ташкил қилинди.

  Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги мустақиллигини йўқотиб, Россия империясига қарам бўлиб қолди.

  1867 йил Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилди. Ўлканинг асосий маъмурий тузилиши ҳарбий халқ бошқарувидан иборат эди. Бунда бутун ҳокимият рус ҳарбий маъмурияти томонидан амалга оширилган. Маҳаллий аҳолини бошқариш учун эса волостларда унинг таркибидаги волост бошқарувчилари сайланарди. Тошкент аҳолиси сонининг кўплиги ва савдо сотиқда алоҳида ўрин тутиши боис бевосита Сирдарё ҳарбий губернаторига бўйсунарди. Ҳарбий губернатор томонидан тайинланган шаҳар бошлиғи Тошкентга раҳбар қилиб қўйилганди.

  Чор маъмурияти томонидан Туркистонда ўтказилган маъмурий, суд ва солиқ борасидаги ислоҳотлар сўзсиз мустамлакачилик хусусиятига эга эди. Маҳаллий ахоли сиёсий ҳукуклардан маҳрумлигича колаверди. Барча йиғим ва соликлар Чор Россияси ғазнасига юборилар эди.

  1877 йил Тошкентда шаҳар хўжалиги ишлари бўйича Низом жорий килинди. Бу ишларни Шаҳар думаси бошқара бошлади. Дума таркибига 72 аъзо сайланди.

  XIX асрнинг 70-90 йилларида Тошкент Ўрта Осиёнинг йирик савдо, саноат ва маданият маркази бўлиб қолди. Шаҳарнинг ички ва ташқи савдо айирбошлаш ҳажми жадал суратлар билан ўсди. Капиталистик саноат корхоналари пайдо бўлиб, маданий-маърифий муассасалар вужудга келди.

  Янги саноат корхоналари, савдо идоралари ва маданий-маърифий муассасалар шахарнинг янги қисмида тўпланиб борди.

  Туркистон генерал губернаторлиги тузилгандан кейин янги Тош кент жуда тез ривожлана бошлайди. Шаҳарнинг эски қисми деярли қайта қурилмади. Янги инфратузилма ва ижтимоий хизмат кўрсатиш маҳаллий аҳолига дахл қилмади. Туркистоннинг бошқа шаҳарлари сингари Тошкентга ҳам Россиядан ерсиз деҳқонлар кела бошлади, уларга энг яхши ерлар ажратилди ва ишлаш учун шароит яратиб берилди. Улар бу ерда чор маъмуриятининг таянчи бўлиб колди.

  1897 йилги аҳолини ялпи рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Тошкентнинг доимий аҳолиси 155673 кишини ташкил этган, уларнинг 88214 нафари эркаклар ва 67559 нафари аёллар эди. 1904 йилга келиб аҳоли сони 170 мингга етди. Уларнинг фақат 40 минги янги шаҳарда яшарди.

  Янги шаҳар бунёд бўлган дастлабки кунлардан бу ерда бир канча савдо ва саноат корхоналари вужудга келди. Четдан келган ва маҳаллий савдогарлар ҳамда тадбиркорлар бу ерда озиқ-овкат ва атторлик дўконлари, саноат корхоналари, энг аввало, вино ва пиво заводлари, макарон, тамаки ва гугурт фабрикалари, йирик тегирмонлар, совун ишлаб чиқарадиган ва ғишт заводларини оча бошладилар. Қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлаш корхоналари вужудга келтирила бошлади, уларнинг маҳсулоти метрополияга олиб кетиларди. Булар тери, пахта тозалаш ва ёғ-мой заводлари эди. Россия империяси учун пахта алоҳида аҳамиятли эди. Ўрта Осиё босиб олиниши туфайли Россия ушбу арзон хом ашё эгаси бўлиб қолди ва шу вақтдан бошлаб Туркистонда пахта яккаҳокимлигига асос солинди.

  80 йилларда саноатчи Лахтин Тошкентда биринчи пахта тозалаш заводини очди. Ундан кейин бошқа савдогарлар ҳам ўз заводларини очдилар. XIX аср охирида Тошкентда 7та пахта заводи бор эди.

  Пахтачиликнинг ўсиши билан чигитни қайта ишлайдиган ёғ-мой заводлари ҳам вужудга келди. Биринчи йирик ёғ-мой заводи 1884 йил пайдо бўлиб, унинг йиллик маҳсулоти 30 минг пудни ташкил этарди.

   1885 йил шаҳарда 27 та саноат корхонаси ишлаган, улардаги ишчиларнинг умумий сони 365 киши бўлган, 680,6 минг сўмлик ялпи маҳсулот тайёрланган. Корхоналарнинг 25таси рус капиталистларига тегишли эди.

  XX аср бошида пайдо бўлган шаҳардаги муҳим янгиликлардан бири шаҳар отлиқ темир йўли (кўнка) эди.

  1899 йил Самарқанд Андижон темир йўлининг Тошкентгача узайтирилиши шахар тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Бу йўл Тошкентни Каспий соҳиллари билан боғлабгина қолмай, шаҳарда янги йирик корхоналар пайдо бўлишига ҳам олиб келди. Оренбург Тошкент темир йўли қурила бошлагач, шаҳар ўлканинг энг гавжум масканларидан бири бўлиб қолди.

  Бироқ ўлканинг туб жой аҳолисини манфаатлари эътиборга олинмасди. Туркистон миллий бойликларининг жадал ўзлаштирилиши омманинг кашшоқлашувига олиб келди. Ишлаб чиқаришнинг ҳамма тармоқларини қамраб олган капиталлаштириш кўплаб маҳаллий тадбиркорларни синдирди. Ҳунармандлар фабрика ва завод саноати билан рақобатга дош беролмай бор бисотидан маҳрум бўлдилар. Ўқув ва диний муассасалари чор маъмуриятининг алоҳида назорати остига олинган эди. Буларнинг ҳаммаси халқнинг ғазабини кўзғатарди.

  Туркистоннинг кўплаб шаҳарлари сингари Тошкентда ҳам чор Россияси империясининг мустамлакачилик сиёсатига карши бир неча бор кўзғолонлар кўтарилди. 1892 йилда "Вабо исёни" деб ном олган қўзғолон бўлиб ўтди. Тошкент аҳолиси касалликдан вафот этганларни дафн қилишда ўз ҳукуқлари камситилгани (мусулмон одати бўйича кўмишга руҳсат бермай, жасадни ёқиб юборишга мажбур қилган эдилар) ва ерли аҳоли вабодан сақланиш учун етарли воситалар билан таъминланмаганлигига қарши исён кўтарган эди. Бутун Туркистонни қамраб олган 1916 йилдаги энг йирик кўзғолонлардан бири Туркистон туб аҳолиси вакилларини фронт ортидаги ишларга сафарбар этиш тўғрисидаги фармон туфайли бошланиб кетган эди. Бу қўзғолонга Россияга сафарбар этилаётган ўз боқувчилари ва фарзандларидан жудо бўлишни истамаган Тошкент аёллари ташаббускор бўлиб чиқди. Қўзғолон ўлканинг Жиззах, Фарғона ва бошқа вилоятларига ёйилди. Қўзғолон бостирилгач, унинг 3000 иштирокчиси судга берилди, улардан 20 нафари қатл этилди, 162 нафари каторга ишларига жўнатилди, қолганлари қамоққа ташланди. Чор маъмуриятининг бу ишлари ўлкадаги барча илғор жамоатчиликни, айниқса, унинг янгиланиш ва ислоҳотларга интилаётган тараққийпарвар кайфиятдаги қисмини даргазаб қилди.

  Бу вақтда Тошкентнинг Туркистон аҳолиси учун маънавий-маданий марказ сифатидаги аҳамияти тобора ортиб борди. Бу ерга мусулмон Шарқида, хусусан, яқин атрофдаги мамлакатларда пайдо бўлган ислоҳотчилик ҳаракатлари ҳакидаги хабарлар кириб кела бошлаганди. XIX аср охиридан бошлаб Тошкент жадидчилик номи остида шаклланаётган маърифатчилик ҳаракатининг маркази бўлиб колди. Жадид — янги деган маънони билдирарди.

  Туркистоннинг тараққийпарвар миллий зиёлилари ўлканинг Россия империясининг мустамлакачилиги туфайли илғор мамлакатлардан сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қолоқлигини англаб халқни маърифатли қилишни ўзининг биринчи галдаги вазифаси деб ҳисоблади. Улар Шарқ ва Ғарб маданиятининг энг яхши ютуқларини уйғунлаштиришга уриниб, ўз олдига иккита асосий мақсадни қўйди: халқ турмуш даражасини ривожланган мамлакатлардаги турмуш даражасига етказиш ва Туркистонда миллий демократик давлат барпо этиш. Тошкент жадидчилик ҳаракатининг маркази бўлиб қолди. Бу ҳаракатга Маҳмудхўжа Беҳбудий билан бирга тошкентлик таниқли жамоат ва сиёсат арбоби, журналист ва педагог Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлик қилди. Тошкентнинг илғор зиёлилари доирасига халк ҳурматига сазовор маърифатчилар Абдулла Авлоний, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Саидрасул Саидазизов ва бошқалар кирарди. Улар янги услуб мактаблари очиш, дарсликлар, театр труппалари, маърифий жамиятлар тузиш, газеталар нашр этиш ишларига бошчилик қилдилар. "Намуна" деб аталган ана шундай мактаблардан бирини Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов ташкил этди. Тошкентда 1910 йилда жами 11та мактаб иш олиб борди. 1905-1906 йилларда Тошкентда "Тараққий" (муҳаррири Исмоил Обидий), "Хуршид" (муҳаррири Мунавварқори Абдурашидхонов), 1907-1908 йилларда "Шуҳрат" (муҳаррири Абдулла Авлоний), "Осиё" (муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров) газеталари нашр этилди. Тошкентлик таниқли тадбиркор Саидкаримбой Саидазимбой ўғли "Тужжор" газетасини нашр этди. Чор маъмурияти бу газеталарни неча бор ёпиб қўйганлигига қарамай, улар оммани маърифатли қилишда катта аҳамиятга эга бўлди.

  Бу маърифий ўзгаришлар аста-секин сиёсий вазифаларни олдинга қўйган ҳаракатлар даражасига айланди, зотан сиёсий ўзгаришлар қилмай туриб маданиятни тўлақонли ривожлантириб бўлмасди. Туркистоннинг демократик кайфиятдаги зиёлилари сиёсий партия ва жамиятлар туза бошлади. Жумладан, 1917 йил Тошкентда тузилган "Шўрои Исломия" жамияти Россиянинг федератив тузилмаси доирасида миллий мухторият ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу жараёнлар Россиядаги 1917 йилги Февраль инқилобидан сўнг айниқса, кучайди. Тошкентда янги "Турон" (муҳаррирлари Афандизода ва Абдулла Авлоний). "Улуғ Туркистон" (муҳаррири Кабир Бакиров), "Нажот" (муҳаррири Мунавварқори Абдурашидхонов), "Кенгаш" (муҳаррирлари Аҳмад Закий Валидий ва Мунавварқори Абдурашидхонов), "Шўрои Ислом" (муҳаррири Абдулла Баттол), "Турк сўзи" (муҳаррири Темирбек Худоёрхонов) ва "Турк эли" (таҳрир хайъати) газеталари нашр этила бошлади.

  1917 йил октябрида большевиклар ҳокимиятни эгаллаб олгач. Туркистон демократлари большевиклар ҳокимиятининг амалда ижтимоий тенгликка зид бўлган халққа қарши фаолиятига қарши чиқдилар ва Қўқон шаҳрида Туркистон мухторияти тузилганлигини эълон қилдилар. Тошкент аҳолиси 1917 йил 13 декабрда митингга чиқиб, мухториятни биринчилардан бўлиб қўллаб қувватлади. Одамлар "Туркистон ўлкасига мухторият берилсин!" деган шиорлар билан намойишга чиқишди, большевиклар ҳукуматидан жумҳурият мустақиллигини тан олишни талаб қилишди. Бироқ қизил аскарлар намойишчиларга қарата ўқ узди ва 16 киши ҳалок бўлди. Туркистон мухторияти большевиклар томонидан тор мор қилинд».

  1917 йил 20 октябрда темир йўл устахоналари ишчилари большевиклар раҳбарлигидаги Тошкент Совети аскарлари билан бирга қуролли тўнтариш қилдилар. Янги ҳукумат Халқ Комиссарлари Совети тузилди, унга маҳаллий аҳолидан биронта ҳам вакил киритилмади. Туркистон РСФСР таркибидаги Туркистон мухтор республикаси деб эълон қилинди, лекин бу мухторият қуруқ гап эди, холос. 1918 йил 30 апрелда Тошкент Туркистон Мухтор Совет Республикси пойтахти деб эълон қилинди. Большевикларнинг иқтисодий ва маданий сиёсати халк хўжалигида таназзулнинг чуқурлашишига олиб келди. 20-йилларда миллий зиёлиларнинг Начир Тўрақулов, Турор Рисқулов, Қайғусиз Отабоев, Абдулла Раҳимбоев, Иномжон Хидиралиев сингари вакиллари турли давлат лавозимларини эгаллаб, ижтимоий ва сиёсий тенглик учун курашдилар, Марказ сиёсати олдида халқ манфаатларини ҳимоя килдилар, республикада ҳам, унинг пойтахтида ҳам хўжалик инқирози машаққатларини енгиллаштиришга ҳаракат қилдилар.

  1924 йил Ўзбекистон ССР ташкил бўлгандан сўнг пойтахт Самарқанд шаҳрига кўчирилди. 1930 йилдан Тошкент шаҳри яна Ўзбекистоннинг пойтахти бўлиб қолди. Шўролар ҳокимиятининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари: индустрлаштириш, қишлок хўжалигини коллективлаштириш бутун республика сингари шаҳарнинг ривожланишига ҳам турли даражада таъсир қилди. Шаҳар тадбиркорлар, энг яхши хўжалик юритувчиларидан маҳрум бўлди. XX асрнинг 30-50-йилларида Сталин қатағонлари Тошкент миллий зиёлиларининг энг яхши вакиллари, сиёсий арбоблар, ёзувчи, шоир ва мусиқачиларни қурбон қилди. Тошкентда яшаб, фаолият юритган Усмон Носир, Элбек, Боту, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва маданият, илм-фаннинг бошқа кўплаб намояндалари қатағон қурбонлари бўлдилар.

  Бироқ, шунга қарамай, халқнинг бардоши ва меҳнатсеварлиги туфайли шаҳар йирик иктисодий марказга айланди ва обод бўлди. Бу ерда кўпгина саноат корхоналари тўқимачилик, тамаки, пойабзал фабрикалари қурилди. Бўзсув, Бўржар гидроэлектр станциялари, шуниндек, Қодирия ГЭСи барпо этилди.

  Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкент саноати асосан фронт эҳтиёжи учун ишлади. 1942 йил бошида пойтахт саноат корхоналарининг қариийб ярми тўлиқ ёки қисман ҳарбий маҳсулот ишлаб чикаришга ўтди. Шу билан бирга, мамлакатнинг бошқа жойларидан кўчириб келтирилган 100дан ортиқ корхонани жуда қисқа муддат ичида шаҳар ҳудудига жойлаштириш ва ишга тушириш зарур эди. Улар орасида В. Чкалов номидаги Москва авиация заводи. "Ростсельмаш", "Электрокабель" заводлари ва бошқалар бор эди. Мудофаа аҳамиятига молик корхоналарни жойлаштириш учун 150 минг кв.м дан ортиқ ишлаб чиқариш бинолари бунёд этилди ва қайта қурилди. Жиҳозларни ўрнатиш ва янги объектларни қуришда 115 минг нафаргача одам ишлади. 1941 йил декабридаёқ Тошкентда 137та корхона ишлай бошлаган эди, уларнинг 64таси ҳарбий маҳсулот чиқарарди. 1943 йил Тошкент саноати 1940 йилдагига нисбатан уч баробар кўп маҳсулот берди. Уруш йиллари мобайнида Тошкент саноати тузилиши тубдан ўзгариб кетди. Агар, 1940 йил ишлаб чикарилган маҳсулотларининг 81 фоизи тўқимачилик, енгил ва озик-овқат саноати хиссасига тўғри келган бўлса. 1941 йилда эса маҳсулотларнинг 60 фоизини оғир саноат маҳсулотлари ташкил этди, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш етакчи ўринни эгаллади. Кўплаб ўзбекистонлик, шу жумладан, тошкентлик жангчилар Иккинчи жаҳон уруши фронтларида жанг қилдилар.

  Уруш йилларида шахарда 20тача госпиталь (7650 ўринли) ташкил қилинган эди. Фабрика, завод, муассаса жамоалари, тиббий ёрдам дружиналари, тиббий ҳамширалар тайёрлайдиган мактаблар ва курсларнинг талабалари, адабиёт ва санъат арбоблари Совет армиясининг ярадор бўлган ҳамда бемор жангчиларига оталик ёрдами кўрсатишарди.

  Шаҳар депутатлар Кенгаши ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ёрдам бериш бўйича катта иш қилди. Тошкентга кўчириб келтирилган болалар уйлари ва болалар гуруҳларини жойлаштириш учун шаҳарнинг энг яхши бинолари ажратиб берилди. Етим болалар алоҳида рўйхатга олинди, ўсмирлар фабрика завод ўқувчилари мактабларига, ҳунар ва темир йўл билим юртларига жўнатилди, уларни битириб чиққач, ишга юборилди. Шаҳар аҳолиси орасида пул маблағлари, болаларга кийим бошлар йиғиш тадбирлари ўтказилди. Тошкентлик аёлларнинг даъвати билан кўчириб келтирилган болаларни асраб олиш бўйича оммавий ҳаракат бошланиб кетди. Минглаб аҳоли бу даъватга қўшилди.

  Уруш йилларида Тошкент халқ хўжалигининг барча тармоқлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаган, фан ва маданиятнинг йирик маркази бўлиб қолди. Бу ерда СССР Фанлар академиясининг 375 нафар йирик олими ва илмий ходими иш олиб бор ди. 1943 йил Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил қилинди, 23 илмий тадқиқот муассасаси, шу жумладан, Бутун иттифок пахтачилик илмий тадқиқот институти (Союз НИХИ), Ўрта Осиё ирригация институти ва бошқа илмий марказлар фаолият юритди. Фан ва маданиятнинг ривожланишида Тошкент олий ўқув юртларининг, шунингдек, бу ерга кўчириб келтирилган Москва геодезия муҳандислари, аэрофотосъёмка ва картография, автомобиль йўллар, меъморчилик, режалаштириш институтлари, Киев индустриал институти ва бошқаларнинг аҳамияти катта бўлди.

  1946-50 йиллар давомида барча машинасозлик корхоналари техник жиҳатдан қайта қурилди ва кенгайтирилди. 1950 йилда саноат ишлаб чиқариши ҳажми урушгача бўлган даврга нисбатан  2,9 марта, 1913 йилга нисбатан эса 30,7 марта ўсди.

  Тошкентнинг ҳудуди хам кенгая борди. 1946 йилда унинг ҳудуди 130 кв.км ни ташкил этди. 1947 йил троллейбус қатнови йўлга қўйилди, кўчалар ободонлаштирилди. 50 йилларнинг ўрталарида телемарказ ишга тушди. 50 йиллар охири - 60 йиллар бошида кўп қаватли бинолардан иборат тураржой массивлари, шунингдек, янги саноат ҳудудлари барпо этилди.

  1966 йил 26 апрелда рўй берган зилзила туфайли, кўплаб саноат корхоналари, маданий, тиббий, коммунал маиший муассасалар, мактаблар вайрон бўлди ёки қаттиқ шикастланди. Собиқ иттифоқнинг барча республикалари иштирокида 3,5 йил ичида зилила оқибатлари деярли тугатилди. Меъморлар ва қурувчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида Чилонзор, Қорақамиш ва Қорасувда янги тураржой массивлари ва микрорайонлар, меъморий ансамбллар, кўркам жамоат бинолари бунёд этилди.

  Шу билан бирга, зилзиладан сўнг Тошкент аҳолисининг ижтимоий ва миллий таркиби собиқ СССРнинг Оврўпо қисмидан бу ерга кўчиб келган фуқаролар ҳисобига кескин ўзгарди.

  Шу йиллар мобайнида коммунистик мафкура тазйиқи ва Марказ сиёсатига қарамлигига қарамай, Ўзбекистон маданий ва маънавий ҳаётда катта ютуқларга эришишга муваффақ бўлди. Бу эса, аввало, унинг пойтахти билан боғлиқ эди, бу ерда асосий ўқув юртлари, театрлар, илмий ва тиббиёт муассасалари, нашриётлар ўз фаолиятини олиб борди.

  Тошкентда Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Зулфия, Абдулла Қахҳор, Мухтор Ашрафий, А.Ф. Козловский, В.А. Успенский ҳамда бошқа таникли шоир, ёзувчи ва бастакорлар билан бир қаторда адибларнинг ёш авлоди Мирмуҳсин, Саид Ахмад, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом ва бошқалар самарали ижод килдилар.

  Ўзбекистон олимлари улкан ютукларни қўлга киритдилар. Тошкентда Республика Фанлар академияси самарали иш олиб бориб, унинг таркибида Ядро физикаси, Ўсимликлар кимёси, Сейсмология, Электроника, Биокимё институтлари ва бошқалар очилди. Ё. Тўракулов, У. Орипов, О. Содиқов, М. Набиев, В.П. Шчеглов, С.В. Стародубцева, Е.Е. Романовский, И.А. Райкова, С. Юнусов, Т. Саримсоқов, С. Сирожиддинов, И. Мўминов. П.Г. Булгаков, Я. Ғуломов, М.Е. Массон, Г. А. Пугаченкова каби олимларнинг номлари Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур бўлди.

  Бошқа республикалар орасида Ўзбекистон ўзининг улкан иқтисодий имкониятлари, табиий бойликлари, интеллектуал салоҳияти ва меҳнатсевар халқи билан ажралиб турарди. Бироқ маъмурий буйруқбозлик тизими хукмронлик қилган ўн йилликлар, хусусан, турғунлик йиллари миллатнинг маънавий ва моддий кучларини тўлиқ ишга солиш имконини бермади. КПСС МКнинг 80-йилларда "ўзбек иши" номи остида олиб борган қатағонлари Ўзбекистондаги демократик жараёнларни бостиришга қаратилган бўлиб, тошкентлик кўплаб ҳалол масъул ходимларни ҳам четлаб ўтмади. Бу жараёнларни йўққа чиқаришда республиканинг 1989 йилда сайланган янги раҳбари И.А.Каримовнинг хизматлари жуда катта бўлди.

  Президентлик лавозими таъсис этилиши ва бу лавозимга унинг 1990 йилда сайланиши Ўзбекистоннинг мустақиллик сари йўлини белгилаб берди.



Печать Ўқилди: 4136


Тинчлик ва осойишталик барқарор тараққиётнинг муҳим омилидир
Депутатлар турли соҳаларни ислоҳ қилишга доир долзарб масалаларни кўриб чиқдилар
Сайтда фойдаланувчилар сони: 164
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 Ҳолати

   

      I – Чорак 2017 - йил

     

      II – Чорак 2017 - йил     

     

       III – Чорак 2017 - йил     

   

IV – Чорак 2017 - йил     

   

Кирувчи

8

11

 

 

Ижрода

1

2

 

 

Ижроси таъминланган

7

9

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар