tashkent.uz Tashkent.Uz - Бинкат Тошкент Шошнинг Ўрта Асрдаги Пойтахти
Фотогалерея
Видеогалерея
Бинкат Тошкент Шошнинг ўрта асрдаги пойтахти

  Култепадан 8 км. шимоли-ғарбда, бир вақтларда Шошнинг илк ўрта асрдаги шаҳар даҳасига кирган янги ерда пойтахт қайтадан барпо этилди. Унинг харобалари Тошкентда XIX аср давомида олиб борилган қурилишлар натижасида кўмилиб кетди.

  IX асрда Шош узил кесил Араб халифалиги таркибига кирди. Ҳукумат фармойишига кўра, янги шаҳарни суғориш эхтиёжлари учун 2 миллион дирҳам ажратилди. Халифа Муътасим (833 842 йиллар) ушбу маблағни ажратар экан, Шошда канал қазишни буюрди. Археологик маълумотларга кўра, ушбу тадбир, афтидан, Бўзсув Кайковус (Калковуз) сув тизимини такомиллаштирши билан боғлиқ эди. Шубҳасиз катта миқёсдаги суғориш ишлари сомонийлар даврида пойтахтнинг янги жойда равнақ топиши учун шарт-шароит яратди.

  Халифалик ҳукумати кўчманчилар босқинидан ҳимояланиш учун чегара деворлари ва қалъа рабодлар қуриш учун маблағ ажратди. Ана шундай девор Чочнинг "Сойлик тоғидан Чоч дарёси (Сирдарё)гача" бўлган шимолий чегарасида қурилди. Бу девор қолдиқлари бугунги кунда ҳам Жанубий Қозоғистонда сақланиб қолган. Бироқ, Мовароуннаҳрнинг истило этилган вилоятлариии қўлда ушлаб туриш қийинчиликлари ҳалифалик ҳукмдорларини маҳаллий зодагонларга ён босиб, уларни ўз томонига оғдириб олишга мажбур этди. Араб халифаси Маъмун даврида (813 833 йиллар) маҳаллий зодагонларнинг вакиллари шарқий ҳудудларга ноиб этиб тайинлана бошланди. Хуросонда халифалар номидан Тоҳирийлар, Мовароуннаҳрда эса Сомон авлодлари ҳокимиятни бошқарган. Улар халифаликка ҳизмат қилиб, амир унвонини олганлар, яъни улар араб халифасига вассал бўлиб, йиғилган солиқларнинг бир қисмини унга юбориб турганлар ҳамда халифани диний раҳнамо сифатида тан олганлар. IX аср охирида юксак мартабаларга эришган сомонийлар амалда мустақил давлат туздилар. Унинг пойтахти Бухоро бўлиб, бу давлат халифаликнинг ғарбидаги амирликлар (Шимолий Африка, Миср)га ўхшаш эди. Шошни сомонийлар сулоласидан чиққан ҳокимлар бошқарган. Дастлаб Яҳъё ибн Асад ана шундай ҳукмдор бўлиб, пойтахтда ўз номидан танга зарб эттира бошлади.

  Ёзма манбалар ҳамда нумизматик материалларга қараганда, пойтахт илгаригидек Шош ва Мадинат аш Шош деб аталарди. Археология маълумотларига кўра, у XIX аср Тошкент шаҳридаги қурилишлар остида қолиб кетган ҳудудда бўлган. Унинг маркази Чорсу, Эски Жўва ва Навоий кўчаси оралиғида эди. IX-Х асрларга оид араб ёзма манбаларида унинг яна бир номи Бинкат тарзда тилга олинган. Уни раис бошқарган, раисни ҳоким (вилоят ҳукмдори) маҳаллий зодагон лар кўпинча, мусулмон руҳонийлар вакиллари орасидан тайинлаган. Шаҳарда давлат девонларининг, яъни давлат ҳарбий фуқаролик маҳкамаларининг шаҳар идоралари бўлган, уларнинг деярли ҳаммаси маҳаллий бошқарувга бўйсунар эди. Раис ҳузуридаги шаҳар бошқаруви лавозимларига зодагонлар деҳқонлар ва руҳонийлар орасидан одамлар танлаб олинарди. Бошқарув амалдорларининг хизматга кириши учун муайян билимлар талаб қилинарди. Даъвогарлар форс ва араб тилларини эгаллаган бўлишлари, Қуръони каримни ва шариат аҳкомларини билишлари, шунингдек, ўқимишли ҳамда турли фанлардан хабардор бўлишлари лозим эди. Бундай шахслар табақаси Мовароуннаҳрда арабча "аҳл ал-қалам" ва форсча "дабирлар" (котиблар) деб аталарди.

  X асрга оид араб манбаларининг ёзишича, Бинкат йирик маъмурий ва савдо-ҳунармандчилик маркази бўлиб, сув билан яхши таъминланган. Шаҳар узунасига ва кўндалангига 1 фарсах (6 8 км)га тенг жойни эгаллаган эди. Тузилиши жиҳатдан қўрғон (кўҳандиз ёки арк), ички шаҳар (шаҳристон ёки мадина) ва иккита: ички (рабоди даҳил) ҳамда ташқи (рабоди хориж) рабодга бўлинган. Қўрғон 2та дарвозали девор билан ўралиб, дарвозаларнинг бири шаҳристонга, иккинчиси   рабодга олиб чиққан. Қўрғонда ҳукмдор ўрдаси ва зиндон бўлган. Қўрғон деворлари ёнида жоме масжиди жойлашган. Девор билан ўралган шаҳристонга учта дарвоза орқали кириш мумкин бўлган. Бу дарвозаларнинг номлари сақланиб қолган: Абул Аббос, Жунайд (ғарб ва шарққа чиқувчи) ҳамда Кеш (жанубий) дарвозалари (баъзи манбаларда Абул Аббос, Каср ва Гунбаз) деб ҳам номланган.

  Маълумки, шаҳристон ичида шаҳар ҳунармандларининг кўплаб устахоналари бўлган. Шу жумладан, темирчилар, мисгарлар, кулолларнинг устахоналари, тайёр маҳсулот сотиладиган савдо дўконлари бор эди. Манбаларда эслатилишича, дўконлар орасида оҳорлипахта пиликлар билан савдо қилувчилари ҳам бўлган. Демак, шаҳристонда бозорлар ҳам жойлашган.

  Бинкат бозорларининг катта қисми ички рабодда жойлашган, бу рабод ҳам девор билан ўралган. Унда баъзи маълумотларга кўра, саккизта, бошқаларига кўра ўнта дарвоза бўлган. Айримларининг номлари орқали биз рабодлар ва шаҳарга туташ ҳудудларнинг ички топографияси ҳамда топонимикаси хусусиятларини англаб оламиз. Чунончи, Ҳамдон, Оҳанин, Мир, Фаркон, Кад, Карманж, Кўйи Сахл, Рашидижак, Кўйи Хоқон, Кашки Деҳқон. Ташқи рабодда араб географлари 7та дарвоза: Фаргад, Хашкат, Сандижак. Оҳанин, Бакридижак, Сакрак ва Саграбод (Бафарёд) номини кел тирадилар.

  Манбаларнинг муаллифлари шаҳар кўкаламзор бўлгани ва Мовароуннаҳрдаги энг тоза шаҳарлар сирасига киришини таъкидлайдилар. Шаҳардаги уйлар лойдан қурилган бўлиб, кенг ва ҳамма ҳовлилардаги ариқлардан сув оқиб ўтган. Барча ариқлар шаҳристон ва рабод орқали ўтиб, кўплаб ирмоқларга бўлинган. Кўп жойларда ҳовузлар қазилган. Юқорида таъкидланганидек, шаҳар маъмурияти Сомонийлар давлати таркибида кўплаб тангаларни зарб қилган. Кумуш ва мис тангалар хошиясида зарб этилган жойи Шош, Мадинат аш-Шош ва Бинкат деб, кўрсатилган. Демак, шаҳарнинг мазкур уччала номи ўша вақтда баравар қўлланиб келинган.

  IХ-Х асрлардаги Бинкат шаҳри иқтисодий жиҳатдан тез ривожланди ва XI асрга келиб, тараққиётининг юксак чўкқисига чиқди. Бу вақтда, шаҳар географик ўрнининг қулайлиги ҳар қачонгидан ҳам унинг имкониятини оширди. Унинг гуллаб яшнашига яна савдо йўлларида жойлашганлиги, шунингдек, конларнинг яқинлиги ҳам сабаб бўлган. Айнан ўша вақтда Чатқол ва Қурама тоғларидаги конларда иш жадаллашиб, маъдан ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш шаҳар ҳунармандчилигида муҳим аҳамият касб этган.

  Араб географи Истахрий маълумотига кўра, ана шу даврда ислом оламидаги "ҳеч бир кон Панжшир (Панжхира)нинг кумуш конига тенглаша олмайди. Симоб, олтин ва бошқалар эса Мовароуннаҳр конларидан кўплаб қазиб олинади". Юқорида тилга олинган кон ўз бойлиги ва ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан Шарв учун намуна эди. Шунинг учун ҳам бошқа бир географ ибн Хўрдодбеҳ айнан Чоч ва Илоқ конларини Панжшир кони билан қиёслайди ва уларни "янги Панжшир" деб атайди. Археологлар томонидан бу конлар аниқланиб, тадқиқ қилинган. Улардан энг йириклари қўрғошин кумуш рудалари қазиб олинадиган конлар эди. Булар Лашкаракдаги Конимансур, Кўҳисим ва бошқа конлардир. Олтин нисбатан камроқ қазиб олинган. Олтин қазиб олинадиган энг йирик конлар жанубий Чатқолда аниқланган. Олтин ва кумуш билан бирга мис, темир, қалай ҳам қазиб олинган. Айниқса, феруза қазиб олинишини алоҳида қайд этиш лозим. Абу Райҳон Беруний маълумот беришича, Чоч ферузаси Шарқда юқори баҳоланган. Руда шу ернинг ўзида, йирик конларда бойитилган ҳамда унга илк ишлов берилган. Бинкат ҳунармандлари Пискомнинг юқори оқимидаги манзилда металл хом ашёси   крицалар (юмшок темир) тайёрлаганлар. Археологлар ана шу жойда руда қолдиқлар ва маъдан ишлаб чиқарувчилар шаҳри Шоҳжувортепа харобаларини топганлар. Кейин эса хом ашё шаклдаги металларга шаҳарларда ишлов берилган. Бинкатда маъдан ишлаш ва темир чилик ҳунари яхши ривожланган эди. Бу ҳақида металдан тайёрланган буюмлар далолат беради. Улар хорижга сотиш ва даштликлар билан мол айирбошлаш учун тайёрланган. Бундай буюмлар орасида қурол-яроғлар ва уй-рўзғор буюмлари, қайчи ва игналаргача бор эди.

  Тошкент ривожланган хунармандчилик ва бадиий маданият (кулолчилик, шишасозлик, танга зарб килиш, ипакчилик ва х.к.) маркази бўлиб қолди. Шу боис араб сайёҳлари ва географ олимлари Бинкат кулолларининг бадиий маҳоратини юқори баҳолаганлар. Чунончи, таниқли географ олим ва сайёҳ Макдисий "Бинкатнинг сопол идишларига тенг келадигани йўқ", деб ҳисоблаган. Тадқиқотчилар олим сополнинг қайси турини назарда тутганлигини тахмин қиладилар холос. Чунки Хитой чинниси намуналари ёки селадон (фаянснинг бир тури)га ўхшатиб ишланган буюмлар ўша пайтларда энг яхши буюмлар ҳисобланган. Оппоқ ангобли ва тиниқ ялтироқ сирли кулолчилик буюмларини энг яхши намуналар деб ҳисоблаш мумкин. Бу хилдаги идиш товоқларни ҳақиқатда Бинкатда ғоят юксак технологик ва бадиий савияда тайёрлашгани, X асрда яшаган араб сайёҳини хайратда колдиргани бежиз эмасди. У берган таърифни Тошкентда олиб борилган қазиш ишларида кўплаб топилган, ана шундай сопол идишлар тўлик тасдиклайди. Сопол идишларнинг катта кисмини араб ёзувлари туширилган сирли идишлар ташкил этади. Бу, авва ло, умуммусулмон дунёсига хосликнинг ёркин тасдиғидир. Шош кулолчилигида ёзувлар билан безаш IХ -Х асрларда ўз такомили га эришган. Идишларда акс этган ёзувларга караб араб тилининг айрим шаҳарлик хонадонида муомалада бўлганлигини кўриши миз мумкин. Аввалига IХ-Х асрларда қатъий равишда Қуръони карим ёзуви услубига ўхшаш куфий ёзуви кўп ишлатилган. Ги ламларга туширилган безаклар хам диккатга сазовор бўлиб, улар кейинги даврларда безатилган Куръони Карим саҳифалари би лан бир хил ҳисобланади. Сўнгра безакларда гулли деб аталади ган куфий ёзувидан фойдаланила бошланди. Идишларга туши рилган ёзувлар яхши ният ёки насихат сўзлардан иборат бўлган. Чунончи: "Саҳийлик   такводорга хое", "Ишга киришиш пушай монликдан халос этади", "Сукут сақласанг тинч бўласан, сўзла санг фош бўлаверасан" (археолог Жангар Илёсов ўциган) каби. Шуниси дикқатга сазоворки, айрим ҳикматли сўзлар ислом дини нинг нуфузли арбобларига тегишлидир, масалан имом Алининг сўзлари: "Энг асл бойлик   истаклардан воз кечиш". Ислом жонли маҳлуқотлар расмини идишлар, шунингдек, рўзғорда ишлатиладиган айрим буюмларга чизишни ман қилмаган, буни машҳур мусулмон илоҳиётчиси Ғаззолий (XII аср) ҳам таъкидлаган. У ўзининг "Иҳйа улум ад дин" ("Диний илмларни тирилтириш") деган асарида шундай ёзади: "... ёстиқ ва ўтириш учун тўшаладиган гиламлардаги суратларга келсак, булар айбга буюрилмайди, ликопча ва пиёлалардаги тасвирлар ҳам шундай". Ана шу боис ўрта асрлардаги сопол идишларга ҳайвонлар ва қушларнинг хилма-хил тасвирлари туширилган.

  Тўқимачилик ҳунари ва гиламдўзлик етакчи ўринлардан бирини эгаллаган. Соҳа учун хом ашёни дашт кўчманчилари етказиб берган. Манбалар Бинкатда тайёрланган, жун ва пахтадан тўқилган газламалар, кийим-кечаклар, чакмонлар, чодирлар, жойнамозлар, чарм буюмлар, қопламаси сағри терисидан бўлган баланд кошли машҳур чоч эгарлари, намат кигизлар ва ўтовлар ҳақида маълумот беради. IX-X асрларда яшаган географ олим Истахрийнинг ёзишича, Шошда кийим кечаклар "шунчалик кўпки, улар бошқа юртларга ҳам олиб борилади".

  Савдо йўлида жойлашган Бинкат фақатгина ўтиш манзили ҳисобланмай, бу шаҳар хунармандлари ўз молларини ҳорижга ҳам чиқарарди. Араб географ олими Макдисийнинг таъкидлашича, юқорида кўрсатиб ўтилган моллардан ташқари бу ердан ажойиб ўқ-ёйлар, садоқ ва совутлар ҳам олиб кетилган. Жануби шарқий Осиё мамлакатларига Шош орқали ўтган асосий карвон йўллари айнан IX-X асрларда шаклланди. Жанубий карвон йўли Суғддан Сирдарё бўйларига, кейин Чирчиқ водийсига Чочга олиб борган. Шимолий карвон йўли эса асосий ўтиш йўли бўлиб, у Суғд билан Шошни боғловчи энг қисқа йўл ҳисобланиб, дашт ерлари орқали ўтган. Юқорида тилга олинган Макдисий яна шуларни қайд этгандек, Бинкатдан "туркларга пахта ва ундан тайёрланадиган кийим кечакни ҳам, пилла ва ундан тайёрланадиган шойини ҳам, ёнғоқ ва унинг мағзини ҳам" олиб кетилган. Шунингдек, Сирдарё "Шош дарёси" ҳам савдо йўли бўлган. Дарё орқали моллар, жумладан, гузлар (дашт қабилалари)га улар уруш қилмай яшаётган пайтларида дон ташилган. Даштлардан ўтган бир йўл Бинкатдаги тоғли ҳудудларга олиб борган.

  Ҳунармандчиликнинг бозор учун кўплаб маҳсулот етиштириб берганлигини ва савдонинг юксалганлигини муомалага чиқарилган кўпдан-кўп маҳаллий кумуш ва мис тангалардан ҳам билса бўлади. Шош конларидан олинган кумуш юқори сифатли бўлган ва Кавказорти, Шарқий ҳамда Ғарбий Оврупо мамлакатларига кўп миқдорда олиб кетилган. Кумуш шунчалик сероблигидан, коннинг ўзида зарбхона ишлаб турган. Бунда зарб қилинган жой сифатида "маъдан аш-Шош" (Шош кони) деб кўрсатиларди. Кумуш тангалар (дирҳамлар)ни хатто сотиш маҳсулоти ҳисобида Шарқий Оврўпога олиб кетишарди. Ўша даврга оид кумуш тангаларнинг анчаси Москва ва Новгородгача, Финляндия ва Даниягача бўлган кенг ҳудудлардан топилган бўлиб, бу ушбу мамлакатлар билан қизғин савдо алоқалари қилинганидан далолат беради.

  Ўз навбатида Бинкат бозорлари ҳам, даштдан келтирилган моллар билан тўлдирилган. Чорвадорлар шаҳарни гўшт, сут, жун, тери билан таъминлаб турарди. Шунингдек, шаҳарда асирга тушганлар бозори мавжуд эди. У ердан сотиб олинган асирлар турк ғуломлари сифатида сомоний амирлари ҳамда ҳалифалик хукмдорларининг тансоқчилари ва сара аскарлари сифатида қадрланган.

  X аср охирига келиб, ички зиддиятлар ва сулолавий курашлар натижасида заифлашиб қолган Сомонийлар давлати туркий Қораҳонийларнинг зарбалари натижасида қулади. Шош Сомонийлар давлатини эгаллаган янги сиёсий бирлашма  Қорахонийларнинг иккинчи хони   Муҳаммад Бугрохон ҳокимияти тасарруфига ўтди.

  Шу даврдан минтақада туркий тилдаги топоним — жой номлари кенг тарқалди. Суғдий аҳоли тили туркий тил билан тенгма-тенг қўлланила бошланди. Туркий тиллар билимдони   Маҳмуд Қошғарий Еттисув учун ана шундай жараён хос бўлганлигини таъкидлайди. Бу ерда одамлар икки тилда гаплашганлар, лекин суғдий тил секин аста туркий тилга ўз ўрнини бўшатиб бера бошлади. Тошкент воҳасида ҳам, шундай жараён юз берган дейиш мумкин. X аср охирида эса Абу Райҳон Беруний ўз асарида биринчи марта Шош пойтахтиниинг туркий номи Тошкент илгари маълум бўлган Бинкат номи билан бир қаторда қайд қилган. XI асрнинг иккинчи ярмида Тошкент номи тилшунос олим Маҳмуд Кошғарийнинг асарида ҳам учрайди. Шу пайтлардан бошлаб Шош шаҳрининг қадимдан сақланиб келган номи унинг янги номи билан тенгма-тенг қўлланилган. Шош номи XVIII асрга қадар муомалада бўлган.

  Шошнинг мусулмон дунёсидаги ўрни IX асрнинг биринчи чорагидан бошлаб қайд этилади. Бунга Сомонийлардан 840-йилда Нуҳ ибн Асаднинг Исфижобга, кейин эса 859-йилда унинг укаси Аҳмаднинг Сирдарё ортига Шавгарга қилган юришларига туртки бўлди.

  IX аср охири - X аср бошларидан Тошкент ислом маънавий маданий тараққиётининг йирик марказига айланди. Бу ерда ҳам халифаликнинг марказий ҳудудларига хос бўлган маънавий юксалиши рўй берди. Шуниси эътиборлики, ислом диний таълимотининг илк тарғиботчилари фаолияти Ўрта Осиёнинг барча минтақаларида, айниқса, исломгача бўлган даврда ҳам жамиятнинг маънавий салоҳияти тўпланган шаҳарларда авж олди. IX-X асрларда бу ерда, халифаликдан олис чекка ўлкада ҳам ислом дини таълимотидаги турли оқимларнинг тўқнашуви юз бериб, бундай тўқнашувлар кўпинча кескин тус оларди. Масжидларда турли мазҳаб вакилларининг диний баҳслари бўлиб турарди. Бу даврда Шошда ўз мавқеини мустаҳкамлаётган анъанавий ҳанафийликка амал қилувчи вакилларидан ташқари, сунийлик анъаналарига мансуб оз сонли яна бир оқим ҳам бўлиб, бу оқим шофийлик мазҳаби (мусулмон ҳуқуқи мактабларидан бири) атрофида шаклланди. Бу жараённинг Бухоро ва Самарқандда қандай кечганлигини таниқли шарқшунос А. Мўминов муфассал ўрганган. Шофийлик Шошда камроқ аҳамият касб этган бўлсада, лекин мусулмон муаллифлари Шош шаҳри зиёлилари орасида шофийлик таълимотига хайрихоҳ бўлганлар борлигини айтади. Маълумки, бу мазҳабни Тошкентда Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший тарғиб қилган. Уни мусулмон оламининг дастлабки имомларидан бири деб ҳисоблашади. У билимли инсон бўлиб, илоҳиётга оид кўпгина асарлар ёзган. Шунингдек, у араб, форс ва туркий тиллардан ташқари бошқа тилларни ҳам билган, тилшунос ва шоир ҳам эди.

  Мовароуннаҳрда мутазилийлар ҳам сезиларли мавқега эга эди. Самарқандлик илоҳиётчи Мансур ал Мотуридий уларни танқид қилиб, асарлар ёзганлиги шундан далолат беради. Мутазилий лар Жаҳм ибн Сафвон издошлари ва ҳорижийлар билан бирга шарқий ҳанафийларнинг асосий рақиблари ҳисобланарди. Кези келганда айтиш керакки, Жаҳм ибн Сафвоннинг ўзи сиёсий кураш қатнашчиси сифатида Марвда бошини кундага қўйган.

  Шундай қилиб, Мовароуннаҳр шаҳарларида бўлгани каби, Шошда ҳам ҳанафийлик мазҳаби исломдаги бошқа оқимлар, шунингдек, исломгача бўлган диний эътиқодларга қарши кескин курашиб, ўз мавқеини мустаҳкамлади. Исломгача бўлган диний эътиқод таъсири умуман, Ўрта Осиёдаги каби Шошда ҳам ислом ривожланишининг энг мақбул оқими суфийликда ўзини намоён этди. Кейинроқ суфийлик, XII-XV асрларга бориб тасаввуфнинг бир қатор мактабларига қўшилиб кетди.

  X асрда Шошдаги таниқли ислом тарғиботчиларидан яна бири, Сайрамда вафот этган Хўжа Абдулла Азиз Аламбардор (Муҳаммад алайҳиссаломнинг байроқдори) эди. Бундан ташқари, манбаларда Шошда мавжуд бўлган бутун бир мусулмон илоҳиёт мактаби ҳақида эслатиб ўтилган. Илоҳиётчи Абу Хотим (965 йил вафот этган) сўзларига кўра, у "Шошдан то Искандариягача минглаб устозлардан сабоқ олган". Бу сўзлардан англашилича, Шош ўз фақиҳ ва муҳаддислари билан шуҳрат топган.

  IX аср охири - X аср бошидан бошқа мусулмон шаҳарлари сингари Бинкатда ҳам диний маърифий мазмундаги йирик меъморий иншоотлар қурилди. Булар, аввало, масжидлар эди. Истаҳрий ва ибн Ҳавкал X асрда шаҳар қалъаси деворлари олдида асосий жоме масжиди бўлганлигини таъкидлайдилар. Эҳтимол қалъа манбада кўрсатилганидан олдинроқ қурилган бўлиши мумкин. Ибн Ҳавқалнинг Хуросон ва Мовароуннаҳрда жоме масжидларининг сони кўплиги жиҳатдан Шош ва Илоқ (яъни Сирдарё воҳаси)га тенг келадигани йўқ, деган фикри эътиборга моликдир.

  Ҳаёти ёки диний фаолияти Тошкент билан боғлик таниқли диний уламолар, шайхлар ва имомларнинг қабрлари устида X асрдан бошлаб дастлабки мақбаралар қад кўтарди. Суфийлик анъанаси бўйича кейинчалик кўплаб мозорлар зиёратгоҳлар сифатида эъзозлана бошланди. Уларнинг атрофлари бошқа иншоотлар қатори чиллахонани ўз ичига олган, яхлит меъморий мажмуаларга айлантирилиб, зиёратгоҳ қилиб қўйилди.

  Тошкентнинг ана шундай катта меъморий ансамбли Ҳазрати Имом мажмуаси ҳисобланади. Бу шаҳарнинг асосий қадамжоси  Абу Бакр Мухаммад Қаффол Шоший мақбарасидир. Қаффол Шоший ҳижрий 366 йил (976/977 йиллар) вафот қилган ва Бинкатнинг шаҳар чеккасидаги маҳалласи Кайковус ариғидан сув ичадиган ҳудудга дафн этилган.

  Муқаддас қадамжолар атрофидаги яхлит ансамбллар ўрта аср шаҳрини ўраб турган қишлоқларда ҳам вужудга келган. Уларнинг кўпчилиги бу жойларда таниқли фақиҳлар, шайхлар ва муҳаддислар яшаб ўтганлигидан далолат беради. Тошкентнинг ғарбий чеккасидаги Кўйи Орифон (оқил доно одамлар кўчаси) қишлоғи шундай жой эди. Кўпроқ Зайниддин бобо сифатида танилган Зайниддин Кўйи Орифон номи ана шу жой билан боғлик. Зайниддин бобо 1214 йил Бағдодда туғилган, отаси Шаҳобиддин Абу Хўжаас Суҳравардий бўлиб, у сўфийликдаги оқимлардан бирининг асосчиси ҳисобланган, кейинрок амир Тарағай ва Амир Темурнинг маънавий устози Шамсиддин Кулол бу оқим вакили бўлган. Нақл қилишларича, Зайниддин бобо Тошкентга келиб, чиллахонада яшаган, бу чиллахона ҳозиргача сақланиб колган. Унинг ва фотидан сўнг қабр устига чортоқ қурилган, кейин у Амир Темур буйруғи билан мақбара қилиб қайта бунёд этилган (ҳозирги вақтда бино XIX асрдаги ҳолатида турибди).

  Шундай қилиб, IX-X асрларда Бинкат Тошкент умуммусулмон маданий қадриятлари тизимига узвий равишда кирди ва маданияти юксак ривожланган вилоятлардан бири бўлиб қолди. Халифаликнинг барча мамлакатлари учун бу даврнинг аҳамияти одатда "мусулмон уйғониши" даври атамаси билан белгиланади. Тошкент яхлит маҳаллий маданий ютуқлар ва анъаналарни ислом дини билан ўзаро самарали таъсирини ўзида акс эттириб, мазмун жиҳатдан ноёб бир маданий шаклини намоён қилди.

  Ўша давр ёзма манбалари мамлакат, шу жумладан, шаҳарнинг хам маданий ҳаётида умумий юксалиш бўлганлигидан далолат беради. Шу даврда яшаган йирик илоҳиётчилардан ташқари ижоди бевосита Тошкент билан боғлиқ кўплаб шоирларнинг номлари ҳам маълумдир. Улар орасида мумтоз шоирлардан Абу Муҳаммад ал-Матроний ҳам бўлган. Замондошларининг фикрича, Шош ва Мовароуннаҳрда унга тенг келадиган шоир йўқ эди. Унинг севги, дўстлик, табиат гўзаллиги ҳақида араб тилида ёзилган шеърлари "Девон"га жамланган. Шоир ва файласуф Абу-р-Раби ал-Балхий ҳам Тошкентда яшаб, ижод этган. Тошкент унда унутилмас таассурот қолдирган. "Шош, деб ёзган эди у ўз шеърларида ёзда бамисоли жаннат, у жазирама азобидан сақлайди. Бироқ у ерда совуқ ва қаҳратон кезлари эс-ҳушимни йўқотаман",

  Тошкент ўрта асрлардаги Туркистоннинг энг йирик шаҳар марказларидан бири эди. Шаҳарнинг ўтроқ деҳқонлар ва чорвадорлар маданияти чегарасида вужудга келиши асрлар мобайнида Марказий Осиёнинг иқтисодиёти, савдо алоқалари, сиёсий тарихи ривожида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шаҳар кўп бор ҳарбий тўқнашувлар, сулолавий низолар майдонига айланиб, гоҳо вайрон бўлиб, ҳувиллаб қолди. Лекин ўз иқтисодий салоҳияти ҳамда халқаро карвон савдо йўлларида жойлашганлиги туфайли қайта тикланиб яна обод бўлаверди.

  XIII асрнинг биринчи чорагида Тошкент Сирдарё бўйидаги бошқа шаҳарлар: Сайрам (Исфижоб), Тараз, Ўтрор, Саброн, Ясси Туркистон, Сиғноқ сингари Хоразмшоҳлар давлати таркибига кирган. Кейин эса мўғуллар истилосига учраб, Шош Чингизхоннинг ўғли Чиғатой улуси таркибида бўлди.

  Сирдарё бўйидаги шаҳарлар мўғулларнинг урушлари туфайли вайрон бўлган эди. Улар XIII аср ўрталаридан тиклана бошланди. Уларнинг муҳим савдо йўлларида жойлашганлиги ҳар галгидек қайта тараққий этишининг муҳим омили бўлди. Бир қатор шаҳарлар, шу жумладан, Тошкентдаги зарбхоналар фаолияти савдо тижоратнинг анча жонланганлигидан далолат беради. Бу зарбхоналар савдо эҳтиёжларини қондирар ва солиқларни пул шаклида батартиб ундирилишига имкон яратарди.

  Масъудбекнинг бутун Чиғатой улуси ҳудудида кумуш танга ларни зарб қилиши асносида, танга муомаласини тартибга солган ислоҳоти Шошга ҳам таъсир қилди. Тошкентда зарбхона XIII асрнинг иккинчи ярмида фаолият бошлади. Шаҳар XIV асрда ҳам кумуш тангаларни зарб қиларди. Уларга бозорда эҳтиёж ошганини Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида қалбаки танга ясовчининг устахонага яшириб қўйган асбоб ускунаси топилганлиги, қалбаки тангалар ясашга уринишлар ҳам бўлганлиги тасдиқлайди.

  XIII аср охиридан шаҳар қайта тиклана бошлангани хақида ёзма манбаларда муҳим маълумотлар бор. Чунончи, ўша вақтда Тошкентда бир неча бор бўлган тарихчи Жамол Қарший "бу шаҳар доимо фаровон, суви мазали, иқлими мўътадил, тупроғи унумдор, шаҳар атрофлари ободонлашган"лигини хабар килади. Бошқа тарихчи Закариё ал Қазвиний XIV асрда бунга қўшимча қилиб: "Шош озода ва ажойиб, ям-яшил, жуда гўзал ва кўнгилли шаҳар" деб ёзган. Манбаларда шаҳарда атиргул ва бошқа хил гуллар кўп бўлганлиги таъкидланади. Бошқача қилиб айтганда, шаҳар сув билан яхши таъминланган ва боғ роғли уйлар қурилган. Шаҳар маҳаллаларга бўлиниб, уларнинг ҳар қайсисида 50-70 тадан хонадон ва кўплаб масжидлар бўлганлиги ҳакида манбаларда маълумотлар келтирилади.



Печать 04 Апрель 2014 Ўқилди: 3590


Тинчлик ва осойишталик барқарор тараққиётнинг муҳим омилидир
Депутатлар турли соҳаларни ислоҳ қилишга доир долзарб масалаларни кўриб чиқдилар
Сайтда фойдаланувчилар сони: 165
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 Ҳолати

   

      I – Чорак 2017 - йил

     

      II – Чорак 2017 - йил     

     

       III – Чорак 2017 - йил     

   

IV – Чорак 2017 - йил     

   

Кирувчи

8

11

 

 

Ижрода

1

2

 

 

Ижроси таъминланган

7

9

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар