ЮНЕСКО ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 600 мингдан зиёд тарихий, археологик ёдгорликлар, музейлар, маданият ва истироҳат боғлари мавжуд. Уларнинг 750 таси жаҳон халқлари маданий мероси рўйҳатига киритилган. Бундай ёдгорликлар қаторидан юртимиздаги кўплаб қадимий обидалар ҳам жой олгани эътиборга молик.
Дарҳақиқат, ўтмишда юртимизга ташриф буюрган хорижлик элчи-меҳмонларни Самарқанд, Бухоро, Хива, Марғилондаги дилкушо боғлар, заргарлик буюмлари, нақшинкор қурол-аслаҳалар, миниатюра асарлари битилган қўлёзма китоблар хайратга солган. Натижада бундай нодир буюм ва ашёлар улар томонидан турли йўллар билан четга олиб чиқиб кетилган. Дунёга донғи кетган Лувр (Франция), Эрмитаж (Россия), Буюк Британия давлат музейи, Дрезден картиналар галереяси, АКШ миллий конгресси музейларидаги осориатикалар, ноёб қўлёзмаларнинг бир қисми ҳам шарқий ўлкалардан олиб келинган бебаҳо бойликлардир. Чунончи, 1877 йилда юртимиздан Хиндистонга, сўнгра Буюк Британияга олиб кетилган "Амударё хазинаси" деб аталувчи гавҳар, тилла, кумушдан зийнатланган аёллар тақинчоқлари, бежирим қурол-аслаҳалар, уй анжомлари, турли жонзотлар шаклидаги ҳайкалчалардан иборат 182 та топилма Лондон музейининг энг ноёб экспонатлари сифатида қайд этилади.
Дарвоқе, ғapб солномачилари ўрта асрларда Шарқнинг Самарқанд, Урганч каби йирик шаҳарлари, бу ердаги кўркам боғ-роғлар ўзларида йўқлигини таассуф билан ёзиб қолдирганлар. Жумладан, XV аср бошларида Самарқандга келган испан элчиси Клавихо "Соҳибқирон Амир Темур хазратлари бино эттирган жаннатмонанд боғ-саройлар дунёнинг ҳеч бир мамлакатида йўқ", деб эътироф этади.
1937-67 йилларда Хоразм воҳасида тарихий ва археологик изланишлар олиб борган С. П. Толстов "Хоразмбоғ" харобаларидан эрамиздан олдинги VII-V асрларда гуллаб-яшнаган катта боғ-сарой изларини топишга муваффақ бўлган. Олим "Хоразмбоғ ён-атрофидаги канал, ариқлар, девор ва ховузлар, дарахт ва гулзорларнинг юксак дид билан режалаштирилганлиги Самарқанд ва Римдаги дала-ҳовли ҳамда сарой-боғларни эслатади", деб таъкидлайди. Аслида ҳам ғapб мамлакатларидаги "Елисей", "Лувр" боғ-музейлари (Франция), "Флорения" (Италия), "Петергоф", "Ясная
Поляна" (Россия) каби дунёга донғн кетган боғ ва уй-музейлар шарқона андоза асосида барпо этилганлиги ўз исботини топган.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий-маданий меросимизни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бу даврда мамлакатимиз пойтахтида Юртбошимиз ташаббуси билан Темурийлар тарихи давлат музейи ташкил этилиши муҳим воқелик бўлди. Шунингдек, Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида барпо этилган боғларнинг қайта тикланиши, Нукусдаги Савицкий номли санъат музейи, Термиздаги Археология музейи, Урганчдаги "Авесто" боғ-мажмуасини асраб-авайлаш, экспонатлар фондини янада бойитиш йўлида олиб борилган ишлар ҳам эътирофга арзийди. Айни пайтда ушбу масканлардан жой олган қадимий буюм ва ашёлар нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳ ва меҳмонларнинг ҳам ҳайратига сазовор бўлмоқда. Хусусан, "Авесто" боғ-мажмуасида 18 метрли маҳобатли ёдгорлик қад ростлаган. Бу ерда жойлашган музей меҳмонлар, сайёҳлар, ёшлар учун ўзига хос зиёратгоҳга айланган. Мажмуадан инсоният ибтидосидан дарак берувчи тўрт унсур — тупроқ, сув, ҳаво, оловни ифодаловчи ноёб ашёвий далиллар, археологик топилмалар, тош, сополга ўйиб ёзилган Хоразм хати намуналари, "Авесто", "Қуръони карим"нинг кийик терисига битилган парча-оятлари, Алишер Навоийнинг "Хамса" қўлёзмаси, III-IV асрларга доир остадонлар, сопол идишлар жой олган.
Сир эмас, ана шундай эътирофга лойиқ муваффақиятларимиз қатори хали бу борада қилинмаган ишлар йўқ эмас. Жумладан, Хоразм вилоятининг Питнак шаҳридаги Солмирзо Олтинбоев номли, Хива туманидаги Шерозий номли, Урганч шаҳридаги "Ипак йўли", Гагарин номли мактаб музейлари фаолиятини жонлантириб юбориш айни муддаодир.
Зеро, музейлар эл-юрт фаҳри, мозий даракчиси экан, уларга ташриф буюрган киши бу эътирофнинг нақадар тўғрилигига дилдан иқрор бўлиши лозим.
«Халқ сўзи»
№ 175 (4838)
05.09.09







Олдин





