Инсоният тарихида шундай порлоқ сиймолар борки, бу сиймолар асрлар давомида, инсоният ҳаётида барҳаёт яшайди ва биз бундай сиймоларни хақли равишда камолот тимсоли деб атаймиз.
Шундай буюк зотлардан бири, ғарбда “чиғатой”, шарқда “низоми миллати ва д-дин” унвонлари билан улуғланувчи адабиётимизнинг буюк вакили, мумтоз адабиётимизнинг ёрқин намоёндаси Алишер Навоийдир.
Алишер Навоий турк дунёси адабиётининг энг машҳур вакили. Чунки, ҳеч ким бу тил ва адабиётнинг равнақи учун унингдек хизмат қилолган эмас. Навоий ижоди туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси ва барча туркий халқларнинг энг буюк шоиридир.
Зеро, унга қадар ҳеч ким бу тилда бунчалик “кўп ва хўп” ижод қилмаган эди. Ҳазрат Навоий ўзини “Хитойдан то Хуросон”гача ёйилган туркий “қавм”ларнинг шоири деб билди, уларни бир адабий тил байроғи остида бирлаштирди, “якқалам” қилди. Барча туркий халқларнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий равнақига катта таъсир кўрсатди.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий шеърлари теран мазмундорлиги, ҳислар мавжининг беқиёслиги, шодлик чўққиси-ю аламларнинг тубсиз даҳшатли ифодаси сифатида равонлиги ва таъсирчанлиги, бадиий сербўёқ ва сержилолиги, беҳад кўп маънолилиги билан эътиборга лойиқдир.
У ўз қалами билан ғазал мавзуларини шу даражада кенгайтириб юбордики, ғазалнинг бадиий қудратини юксак чўққиларга кўтариб, унгача ва ундан кейин ҳам бирор шоир туркий тилда бу чўққини забт этолмади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Алишер Навоийнинг туркий тилдаги шеърларига баҳо берар экан қайд этади: “Алишербек мисли йўқ киши эди, форс-тожик тилида шеър ёза бошлаганларидан бери ҳеч ким унчалик кўп ва унчалик яхши шеър ёзмаган”. Адолат юзасидан айтадиган бўлсак, XV асрдан бери туркий тилдаги ғазалларнинг олий намунаси Навоий бўлиб келмоқда.
Алишер Навоий ўз ғазалларида Оллоҳнинг мислсиз қудрати, бениҳоя камолоти кўзни қамаштирадиган чексиз ҳусн-жамолини куйлаб, ўз маҳлиёлигини изҳор этиб, илоҳий ёки ҳақиқий муҳаббат куйчиси сифатида танилди. Тасаввуф йўналишидаги бундай шеърият борлиқни илоҳийлаштириш орқали Оллоҳ яратган инсон ва бошқа борлиқ мавжудотларига меҳр кўзи билан қарашга ундаб, ўз китобхонларида буюк инсонпарварлик ва борлиқпарварлик руҳини уйғотади.
Алишер Навоий шеъриятида инсоний муҳаббат жуда катта ўрин тутади. Буюк шоир Хуросондан, унинг пойтахти Хиротда яшаб ўтди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Навоий тили “Андижон шеваси билан рост”(мос)лигини айтади. Бинобарин, биз-ўзбеклар туркнинг энг қадим бўғинини ташкил этган ва бугун ўзбек давлати яъни миллати бўлиб шаклланган халқ буюк Навоийнинг бевосита ворисларимиз. Навоийдек улуғ зотга авлодлик ва ворислик ҳисси ҳар бир ўзбекнинг қалбини ғурур ва ифтиҳор туйғулари билан тўлдиради.
Рухсора КАРИМОВА, Тошкент шаҳар Компьютерлаштириш маркази






Олдин





