Ўзбекистон Канн кинофестивалида иштирок этади

Францияда ўтадиган 71-Канн халқаро кинофестивалида илк бор “Uzbekistan” павильони ташкил этилади. 

2018 йилнинг 8-19 май кунлари Франциянинг машҳур Круазет бульваридаги Фестиваллар ва конгресслар саройида ўтказиладиган халқаро кинофестивалдаги юртимиз павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилмоқда. 

Бу борада Кинематографияни ривожлантириш маркази Канн кинофестиваль дирекцияси билан шартнома имзолаган. 

Ҳар йили ташкил этиладиган кинофестиваль кино оламидаги асосий маданий воқеалардан бири ҳисобланади. Ўтган йилнинг ўзида мазкур тадбирда 118 мамлакатдан 12 мингдан ортиқ иштирокчи рўйхатга олингани фестиваль нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир. 

Павильон қатнашчилари меҳмонларга Ўзбекистон киноижодкорларининг фильмлари ҳамда мамлакатимизнинг кино саноати ҳақида маълумотлар тақдим этади. Шу ерда 2018 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган, жорий йилдан бошлаб халқаро кинофестиваль мақомини олган “PROlogue” лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилади. 

Мазкур воқеа ёшлар ташаббусининг давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватлаётганининг амалий ифодасидир. 

Моҳигул Қосимова, ЎзА

13.02.2018

http://uza.uz/oz/culture/zbekiston-kann-kinofestivalida-ishtirok-etadi-12-02-2018



Печать 13 February 2018 Ўқилди: 533