Файзли боғда мазмунли ҳордиқ

Пойтахтимиздаги "Анҳор-Локомотив" боғида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Кечанинг асосий меҳмонлари кичкинтойлар, ўқувчи-ёшлар, уларнинг ота-оналари бўлди. 

Юртимизда аҳолининг мароқли дам олиши, ёшларнинг бўш вақтини тўғри ва сермазмун ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг турли гўшаларида барпо этилаётган маданият ва истироҳат боғлари халқимизнинг кўнгилдагидек дам олиши учун мақбул шароитлар яратиш, ўғил-қизлар учун турли тўгараклар, ижтимоий-соғломлаштириш акциялари, мусиқий кечалар, ижодий анжуман ва мулоқотларни мунтазам ўтказишдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. 

Иш бошлаганига бир йил тўлган мазкур боғда Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар, мактаб ўқувчилари, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари учун турли хайрия акциялари, спорт турнирлари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши яхши анъанага айланган. 

– Беш нафар набирамнинг барини бу ерга олиб келдим, – дейди Қибрай туманидан келган Осиё Абдуллаева. – Улар асфальтга расм чизиш танловида қатнашди. Давлатимиз томонидан аҳоли, айниқса, болажонларнинг дам олиши учун барча шароит ва имкониятларнинг яратилгани ушбу боғ мисолида яққол намоён бўлмоқда. 

Бу галги маданий акция доирасида боғда "Лазерли шоу", "Афсонавий лаборатория", "Сеҳргар", "Мўъжаз пуфакчалар шоуси" каби қизиқарли интерфаол томошалар, асфальтга расм чизиш бўйича ижодий танлов бўлиб ўтди. Боғнинг турли ҳудудларида мультфильм қаҳрамонлари иштирокидаги ўйинлар болажонларда катта таассурот уйғотди. 

Бадиий жамоалар, эстрада юлдузлари, халқаро танловларда ғолиб бўлган ёш мусиқачилар иштирокидаги концерт намойиш этилди. 

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

10.08.2017

http://uza.uz/oz/society/fayzli-bo-da-mazmunli-ordi--09-08-2017



Печать 10 August 2017 Ўқилди: 1039