Қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, 2015 йил 14 октябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини  халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар ҳокими Р.Усманов олиб борди.

                 Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳридаги ижроси ҳамда 2015 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2015 йил биринчи ярим йиллик ижроси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ўтказилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг жорий йилдаги фаолияти, 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурининг ижроси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 июлдаги “Республикамиз иқтисодиёти тармоқларини 2015/2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш юзасидан устувор вазифаларни амалга ошириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

                 Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг Тошкент шаҳридаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.

Шунингдек,  “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳридаги ижроси ҳамда 2015 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.

Ушбу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Иқтисодиёт бош бошқармаси, Сатистика бошқармаси ва туман ҳокимликларига 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга йўналтирилган қўшимча дастурлар ва чора-тадбирлар ижроси юзасидан таъсирчан мониторинг олиб бориш кўрсатиб ўтилди.

Янги иш ўринларини ташкил этишга йўналтирилган қўшимча дастурга асосан 2015 йил давомида яратилган янги иш ўринлари манзилли рўйхати шаклланиши учун маълумотлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасига тақдим этилишини таъминлаш, дастурлар доирасида ҳудудда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини ошириш чораларини кўриш, манзилли дастурларга киритилган корхоналарнинг ташкил этилиши ва фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ тадбирларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари ҳар ойда камида бир марта 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган дастурлар ва чора-тадбирлар ижросини танқидий ўрганиш, туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар иштирокида муҳокама этиб бориш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш чораларини кўриш белгиланди.

                 Шунингдек, сессияда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2015 йил биринчи ярим йиллик якунлари ижросига оид масала кўриб чиқилди. Ушбу масала бўйича шаҳар ва туман ҳокимларининг қарор ва фармойишларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган тақдимномаларга асосан 2015 йил биринчи ярим йиллик давомида маҳаллий бюджетга киритилган ўзгартиришлар тасдиқланди.

                   Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ўтказилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг 2015 йилнинг ўтган давридаги фаолияти, жумладан “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури ижросини таъминлашдаги иштирокини ўрганиш якунларидан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича кўриб чиқилди.

                 Ушбу масала бўйича қабул қилинган қарорда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши, унинг доимий комиссиялари ва депутатлари фаолиятини янада кучайтиришга ҳамда ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун ҳужжатларини, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларини ижро этиш борасидаги фаолияти устидан депутатлик назорати самарадорлигини ошириш, тегишли бошқармаларга шаҳар Кенгашининг чора-тадбирлар дастуридан келиб чиқадиган аниқ ва мақсадли тадбирларни амалга ошириш топширилди.

                 Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурининг Тошкент шаҳридаги ижроси кўрилиб, туман ҳокимликлари, масъул бош бошқарма, бошқарма ва ташкилотлар зиммасига “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг ижроси бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, лойиҳалар ва топшириқларнинг ижросини ўз муддатида ва сифатли таъминлаш, аҳоли ва айниқса ёшларнинг ҳуқуқий билимлари ва сиёсий фаоллигини янада ошириш мақсадида янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга кенг тушунтириш ишларининг самарадорлигини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.

Сессияда    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 июлдаги “Республикамиз иқтисодиёти тармоқларини 2015/2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жой фонди, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини барқарор коммунал хизматлар билан таъминлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компаниялари фаолиятини ривожлантириш мақсадида, маҳалла, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарув компаниялари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва аҳоли ўртасида ўзаро ҳамкорлик тизимини янада жадаллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳар тамонлама чуқур кўриб чиқилди.

 Унга кўра шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли уй-жой фонди объектларини 2015-2016 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича барча маҳаллаларда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компанияларида, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей, олий таълим муассасалари, шифохона, оилавий поликлиника ва коммунал хизмат кўрсатиш тизимидаги барча ташкилотларда қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ишлаб чиқилган Дастурларида белгиланиб якунига етказилмаган ишларни тўлиқ ва сифатли якунланиши белгилаб қўйилди.

     “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш юзасидан устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Учтепа туман ҳокимлигининг ҳисоботи муҳокама  этилди.

Шунингдек, кун тартибига киритилган  бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Сессияда кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

14.10.2015, 18:10



Печать 14 October 2015 Ўқилди: 2465