Мустақиллигимиз шарофати билан кейинги йилларда пойтахтимиз кўрки тубдан ўзгариб, обод ва гўзал шаҳарга айланиб бораётир. Буларнинг ҳаммаси шаҳримизда кенг қулоч ёзган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Таъкидлаш жоизки, ландшафт архитектураси, яъни мувофиқлик меъморчилиги тушунчаси кўп бора ишлатилаётир. Бугунги кунда лойиҳалаштириш деганда, аниқ бир объектнинг фақат қурилиши назарда тутилибгина қолмай, балки ушбу жараёндаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам инобатга олинмоқда. Аҳамияти жиҳатидан шаҳарсозликда мураккаб ҳисобланган бундай масала ечимида ўнлаб ташкилот-муассасалар мутахассислари — агрономлар, лойиҳачилар, меъморлар, қурувчилар, боғбону безовчи-декораторлар, ботаникшунослар, турли соҳа олимлари иштирок этади. Пойтахтимизни кўкаламзорлаштириш нечоғлик долзарб масала эканлигига ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқ.
Кейинги пайтда шаҳарнинг айниқса марказий қисмида йўл чеккаларида кичик меъморий ечим сифатида ўзига хос кўринишдаги мўъжаз гулзорлар яратилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, пойтахтимизнинг ландшафт дизайни шундай шакллантирилганки, у йил давомида гуллаб турувчи шаҳарни эслатади. Баҳор келиши билан то кеч куз кунларигача гуллайдиган турфа олам ўсимликлар кўзни қувонтиради. Март ойидан бошлаб боғ-роғлару хиёбонларда виола, лола, нарцисс, гулсафсар гуллайди. Апрель ойи охири — май бошларида багряник ва софора атрофга атир каби майин исини тарқатади. Ёз давомида эса деярли ҳар чақиримда 60 дан зиёд турдаги гуллар шаҳримиз кўркига кўрк бахшида этаётганини кузатиш мумкин. Шаҳримиз яшил кўринишида шунингдек эман, каштан, қайин каби монументал дарахтлар ҳам алоҳида ўрин олган.
Ҳозирда шоҳкўчалар ва марказий кўчаларимиз йил давомида яшиллик таъминлаб турувчи манзарали дарахтлар билан мунтазам бойитиб борилмоқда. Масалан, баҳор ва ёз кунлари салқинлик тарқатувчи пирамида шаклидаги эман, каштан дарахтлари кузда баргларини ташлайди. Лекин улар ўрнини то кейинги баҳоргача туя, ель, сосна, бошқа игнабаргли ўсимликлар эгаллайди. Дарвоқе, кейинги пайтда хусусий хонадонларда ҳам игнабаргли дарахтлар экиш кенг тус олмоқда. Инсон саломатлиги учун ўта муҳим бўлган кислородни кўп миқдорда етказиб берувчи ва экологик тоза бундай ўсимликлар хосиятини кўпчилик англаб етмоқда.
Албатта, илгари ҳам яшил ҳудудлар бўлган, аммо сифат масаласида улар талабга мутлақо жавоб бермаган. Ўсимликлар бетартиб, аксарият ҳолларда бир тизимга мос бўлмаган равишда экиб ташланаверган, парвариш ишлари ҳам деярли олиб борилмаган. Кейинги 10-15 йил давомида ушбу долзарб масала аста-секин ўз ечимини топмоқда. Юқорида қайд этилганидек, шаҳарда ободончилик ишлар нафақат ирригаторлар, қурувчилар, меъморлар, балки бошқа турли соҳа вакилларини ҳам жалб этган ҳолда мажмуавий тизим асосида амалга оширилади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу борада барча бўғинлардаги ишлар изчил юритилаётгани туфайлигина пойтахт иқлимини меъёрда таъминлаб туриш имконияти мавжуд. Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг ушбу йўналишдаги ишларга алоҳида аҳамият қаратила бошланди ва бу борада барча имкониятлар инобатга олинди.
Ҳозирда ишлаб чиқилган шаҳарнинг «яшил дастури» асосида пойтахтнинг ўзига хос меъморчилигига, ҳар бир кўчаси, майдони, туманлари анъаналари, жойлашувига ҳам эътибор берилмоқда. Кейинчалик эса пойтахтни гуллар шаҳрига айлантириш борасида ҳам алоҳида дастур қабул қилинди. Ушбу йўналишда ўсимликларни экиш ва парваришлаш бўйича янги технологиялар амалиётда қўлланила бошланди.
Бугунги кунда шаҳримиз умумий майдони 334,8 квадрат километрдан иборат бўлса, шунинг деярли ярмини яшил ҳудудлар ташкил этади. Бир кишига ўрта ҳисобда деярли 69 квадрат метр яшил майдон тўғри келади. Сўнгги 15-18 йилларда бу кўрсаткич 21,5 квадрат метрга кўпайган.
Шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, ободонлаштириш бош бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари ўзаро ҳамкорлигида шаҳримиз дам олиш масканларидаги дарахтзорларнинг ҳолати батафсил ўрганиб чиқилмоқда. Шу соҳа мутахассисларининг фикрига қараганда, шаҳримиз яшил бойликларини янгилаш эҳтиёжи юзага келган. Шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасининг маълумотига кўра, ҳозирда биргина Амир Темур хиёбони ҳудудида турли хилдаги дарахтлар мавжуд. Улар бир-бирига яқин жойлашиб, кўплари тўкилган уруғлардан униб чиққани боис зичлашиб, тартибсиз даражага келган. Таъкидлаш жоизки, бундай ҳол дарахтларнинг касалланиб, кўпларининг ичидан чириши ҳолатларини юзага келтирган, тепа шохлари қуриган. Натижада кучли шамол эсган чоғларда айрим дарахтлар, улар шохларининг синиб тушиши ҳолатлари юзага келмоқда.
Бугунги кунда шаҳримиз дам олиш , масканларидаги айрим чириган, қуриган, ичи ғовак бўлган, зичлашиб кетган ва ўзининг манзарали хусусиятларини йўқотган дарахтларни тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда. Улар нафақат пойтахтимиз ҳуснини бузмоқда, балки ўзидан зарарли моддалар ва момиқ парлар чиқариб, экология мувозанатига салбий таъсир этган ҳолда, кўпчилик ҳамшаҳарларимиз, айниқса ёш авлоднинг турли аллергик хасталикларга чалинишига олиб келмоқда. Масалан, Амир Темур хиёбонида кўпроқ айлантус, клён ва ясень дарахтлари ўзи уруғдан чиқиб, зичлашиб кетган. Уларни янгилаш вақти келди ва шу ишларга киришилди. Тез орада манзарали ва экологик хусусиятларини йўқотган ўсимликларнинг ўрнига инсон саломатлигига хизмат қилувчи ва шаҳримизга янада чирой бахш этадиган эман, каштан каби кўркам манзарали ўсимликлар ўтказилади.
Албатта, бундай ишларни амалга ошириш аллақачон бошланиб кетган. Жумладан, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Чилонзор, Сергели ва бошқа туманларда ҳам юқоридаги каби ишлар қизғин давом этиб, майдонлар, кўчалар, боғу роғлар, маҳаллаларимиз кўркига янада кўрк қўшилаётир, демакки шаҳримизнинг экологик мувозанати барқарор бўлиши, аҳолининг саломатлиги мустаҳкамланишига имконият яратилмоқда. Энг муҳими, пойтахтимиз меҳмонлари ва ҳамшаҳарларимиз хушманзара гўшаларда тоза ҳаводан баҳраманд бўлиб, мароқли дам олмоқдалар.
Бир сўз билан айтганда, шаҳримизда «яшил дастур» доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бардавом бўлиб, бундан кейин ҳам ўз самарасини беради.
“Тошкент оқшоми”
23.11.09